Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Май, 2025   |   27 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:56
Пешин
12:25
Аср
17:30
Шом
19:47
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Май, 2025, 27 Зулқаъда, 1446

Ҳадисда қандай эркаклар назарда тутилган?

08.04.2025   4254   5 min.
Ҳадисда қандай эркаклар назарда тутилган?

“Қиёматга яқин битта эркакка элликда аёл тўғри келади”, деган гап кўп қулоғимизга чалинади. Воқеликка қарасак, қиёматнинг аксар аломатлари зоҳир бўлса ҳам, айни шу аломати кўринмаётгандек туюлади. Масалан, 2022-йилда Ўзбекистон аҳолисининг 49,7 % аҳолиси аёл бўлса, қолгани эркак бўлган. Халқаро нисбатни олганда ҳам 2022-йилда дунёда эркаклар 50,5 % бўлса, аёллар 49,5 % га тўғри келган экан. 2021-йилдаги маълумотга кўра, дунёда эркаклар аёллардан 44 миллионга кўпроқ бўлган. Бу борадаги ҳадисни тўғри тушуниб олсак, ҳеч қандай муаммо қолмайди.    

عَنْ أَنَسٍ قَالَ : لَأُحَدِّثَنَّكُمْ حَدِيثًا لَا يُحَدِّثُكُمْ أَحَدٌ بَعْدِي : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ : مِنْ أَشْرَاطِ السَّاعَةِ أَنْ يَقِلَّ الْعِلْمُ، وَيَظْهَرَ الْجَهْلُ، وَيَظْهَرَ الزِّنَى، وَتَكْثُرَ النِّسَاءُ، وَيَقِلَّ الرِّجَالُ، حَتَّى يَكُونَ لِخَمْسِينَ امْرَأَةً الْقَيِّمُ الْوَاحِدُ

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Сизларга бир ҳадис айтаман, мендан кейин ҳеч ким уни сизларга айтмайди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитганман: “Илмнинг озайиб кетиши, жоҳиллик устун келиши, зино оммалашиши, аёллар кўпайиб, эркаклар озайиши қиёматнинг аломатларидандир. Ҳатто элликта аёлга битта забардаст (эркак) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадисдаги “эркаклар камаяди”, деганда қандай эркаклар назарда тутилганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам ҳадиснинг давомида шарҳлаб: “Ҳатто элликта аёлга битта қоййим (забардаст эркак) тўғри келади” деганлар. Биз “забардаст” деб таржима қилган сўз ҳадисда “қоййим” деб келган бўлиб, араб тилида “ишларни ўз зиммасига олувчи”, “назорат қилиб, тутиб турувчи”, “кучли ва ишончли” деган маъноларда қўлланилади. Ҳадиснинг бошидаги “эркаклар камаяди” деганларида, фаразан, ҳар қандай эркак кишини назарда тутганларида “Битта эркак кишига элликта аёл тўғри келади”, дейишлари керак эди. Аммо у зот “Битта забардаст кишига” дедилар. Ҳадисда забардастликка шунчалик урғу бердиларки, ҳатто “эркак” сўзини ҳам ишлатмай, унинг сифатини зикр қилиш билан кифояландилар.

Юқоридаги ҳадиснинг шарҳида йигирманчи аср мужтаҳиди Анваршоҳ Кашмирий бундай деган: “Ҳадиснинг бошқа бир тариқида “битта ишончли (омонатдор) қоййим эркак тўғри келади” деб айтилган. Шу ривоят билан барча муаммо ечилади. Чунки бундай эркак ҳозир ҳам жуда камдир”.

Ҳадиси шарифда “эркаклар озайиши”дан “ҳақиқий ва мукаммал эркаклар” назарда тутилганига яна бир далил. Араб тилида бир жинс мутлақ (умумий) айтилганда ва ўзига хос ишоралар бўлганда ўша жинсдаги энг мукаммал табақа назарда тутилади. Шиҳоб Хафожий (1069-йил ваф.) “Тафсири Байзовий”га ёзган ҳошиясида: “Сўз мутлақ ишлатилганда ўз зимнидаги энг мукаммал турни англатади” деганлар. Масалан, Аллоҳ таоло баъзи оятларда Қуръони каримни “Китоб” деб номлаган, бунда “Энг мукаммал китоб”ни назарда тутган бўлади. Имом Сибавайҳ наҳв бўйича ёзган асарини “Ал-китаб” деб атаганининг сабаби ҳам шу, яъни наҳвдани энг мукаммал китоб, демоқчи бўлган. Яна бир мисол: Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 “أَلَا إِنَّ الْقُوَّةَ الرَّمْيُ، أَلَا إِنَّ الْقُوَّةَ الرَّمْيُ، أَلَا إِنَّ الْقُوَّةَ الرَّمْيُ

“Аё, албатта, қувват отиш(да)дир” деб уч марта айтганлар. Аслида қуч-қудрат отишдан бошқа уруш қуролларида ҳам мавжуд. Балки ҳадиснинг маъноси: “Ҳақиқий, энг шиддатли ва энг кучли қувват отиш қуролларидадир” дегани.

Демак, ҳадисга кўра, қиёматга яқин, алалхусус, бугунги кунимизда ҳам аёлини маромида ушлаб турадиган, тақводор, омонатдор, ростгўй, қувватли, ҳам ўзининг, ҳам бошқанинг муаммоларини елкасига олиб, ҳал қилиб берадиган битта эркакнинг муқобилида элликта ё ундан ҳам кўпроқ аёл тўғри келади.

Келинг, тахминий ҳисоб қилиб кўрамиз. Ҳозир дунёда 8 миллиард аҳоли бор. Улардан 2 миллиарди географик мусулмонлар. Шулардан тахминан 1 миллиарди эркак бўлса, 25 ёшдан 60 ёшгача бўлгани шу ададнинг ярмига тўғри келади, яъни 500 миллион бўлади, чунки ишларни идора қила оладиган эркаклар шу ёш орасида бўлади. 500 миллион мусулмон эркаклардан бетақво, фосиқ, ўғри, зинокор, на намози, на ниёзи бор, умрида боши саждага тегмаган, тегса ҳам бир ҳафтада бир марта жумага бориб қўядиган, ҳалол ҳаромни фарқламайдиган, омонатсиз, ёлғончи, порахўр, даюс, рўза тутмайдиган, закот бермайдигани нечта деб ўйлайсиз? Ҳадисда шундай одамлар кирмаслиги учун ҳам ҳақиқий мусулмон эркак сифати келтирилган. Ҳар еттида эркакдан биттаси ҳақиқий тақводор эркак десак ҳам, 500 миллион мусулмон эркакдан 70 миллионтаси мана шундай сифатга эга бўлиб чиқади. Дунёдаги барча аёлларни 4 миллиард деб олсак, ҳар эллик еттида аёлга битта шундай эркак тўғри келар экан. Демак, ҳадиснинг маъноси ҳозирги кунимизга ҳам мувофиқдир.

Абдулбосит Абдулвоҳид,
Ҳадис илми мактаби талабаси.

Бошқа мақолалар

Аллоҳнинг ёрдами яқин

16.05.2025   6971   3 min.
Аллоҳнинг ёрдами яқин

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].

Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.

“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.

Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу  анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.

Шоир айтади:

Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.

 Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:

– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 214-оят.
[2]  Юсуф сураси, 83-оят.