Оила бу – катта жамиятнинг кичик бир бўғини бўлиб, Ислом динида жуда ҳам катта қадр-қимматга эга бўлган неъматлардан ҳисобланади. Шу билан бирга халқимизнинг миллий урф-одатлари ва қадриятлари ҳам оилани муқаддас деб эъзозлайди.
Лекин, бугунга келиб ушбу қадр-қиммат, урф-одат ва миллий қадриятларга нисбатан биз мусулмонлар орасида бефарқлик ва лаёқатсизлик ортиб бормоқда. Буни ҳозирги кундаги оилалар бузилиши ва ажримлар тўғрисидаги “статистика” малумотларидан ҳам билсак бўлади. Бу жуда ҳам ачинарли ва таъбир жоиз бўлса уятли ҳолат ҳам ҳисобланади.
Ажримларнинг кўпайиши, ўлим сабабли оилаларнинг бузилиши нафақат жамиятга зарар етказади, балки бевосита бева аёлларнинг ва болаларнинг ҳаётига ҳам салбий тасир кўрсатади. Шу билан бирга етимларни асраш ва уларга тегишли мол-мулкни бошқариш бўйича нотўғри ёндашувлар кузатилади.
Оиланинг масъул шахслари эса, ислом шариатининг зиммаларига юклатилган ҳуқуқ ва мажбуриятларига бефарқлиги ва уни ўрганишга рағбатининг йўқлиги бугунги кунда етим ва тирик етим бўлган болалар ва бева қолган аёллар ҳақ-ҳуқуқларининг поймол бўлишига сабаб бўлмоқда.
Биламизки, ислом дини меҳр-муҳаббат ва мурувват дини бўлиб, ўз ўрнида етимлар ва бева аёлларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини эътибордан четда қолдирмаган. Шундай экан, мусулмонлар булар ҳам муҳим вазифалари эканини унутмасликлари лозим.
Етим болалар ва бева аёллар ҳақ-ҳуқуқларига адолат билан ёндошиш кераклиги тўғрисида ҳам Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда бир қанча эслатмалар ва бунга риоя қилганларга улкан ажр ва бир қанча ваъдалар бор.
“Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли” [1] (Анъом 152).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида: “Адолатли бўлган киши Қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясида бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Яна бошқа ҳадисда: “Бева ва мискинларнинг ҳолидан хабар олиш жиҳод йўлида уриниш ёки кечалари қоим ва кундузлари соим бўлиш каби савоблидир” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) [2].
Энди ушбу муаммога фиқҳий китобларимиздаги кўрсатмалар билан танишиб чиқайлик. Демак, мавзуимиз остидаги масалалар:
Эрнинг ўлимидан кейин аёл ва боланинг меросдаги ҳуқуқлари;
Вояга етмаган боланинг молини тасарруф қилиш;
Талоқ қилинган аёл ва боланинг нафақаси ёҳуд бугунги кунда ажрашган эрнинг зиммасидаги “алимент” масаласи;
Эри ғойиб бўлган аёлнинг нафақаси;
Эрнинг ўлимидан кейин аёл ва боланинг меросдаги ҳуқуқлари;
Ҳозирги кундаги жамиятимиз баъзи аъзолари орасида ушбу масала етарлича ижобий ҳал қилинмасдан келинмоқда. Масалан: эр вафот этса унинг аёли ва болалари баъзи ҳолатларда эрнинг жоҳил яқинлари тарафидан уйидан чиқариб юборилади ва натижада аёл ота уйига боради. Ваҳоланки у уйда ҳам янгаси бўлади. Бу дегани уларнинг ҳам ҳаловати бузилишига олиб келади. Қарабсизки, битта жоҳилнинг хатоси туфайли иккита оилада нотинчлик келиб чиқади. Буларнинг ҳаммаси динимиз кўрсатмаларига амал қилмасликдандир.
Биринчидан: эри ўлган аёл эрининг уйида тўрт ой-у, ўн кун идда ўтириши керак. Бу Қуръони каримнинг "Талоқ" сурасида баён қилинган.
Эри ўлган аёл талоқ қилинган аёлдан идда даврида нафақа борасида фарқли ўлароқ эрининг молидан нафақа олмайди балки меросдан оладиган улушининг ҳисобига кун кўради ва нафақаси ўзининг зиммасига юкалатилади [3]. Яшаш маскани ҳам иддаси тугагунича эрининг уйида бўлади. Шунинг учун ҳам ўлим иддасидаги аёлга нафақа учун кундузи ишлаб нафақа топишига рухсат берилади. Аёлнинг мерос масаласи эса мерос илмида батафсил ёритилган.
Шу ўринда агар аёл ҳомиладор бўлса, ҳомиласини тирик дунёга келтирса бу болага ҳам улуш ажратилади. Бордию ўлик ҳолатда туғилса, у болага мерос ажратилмайди [4]. Бу масала ҳам бугунги кунда катта эҳтимол билан учраши мумкин. Боланинг ҳақларига келсак, минг афсуски баъзи амаки, амма, боболар ҳамма нарсага мен ҳақлиман, деб ўйлайдилар.
Лекин бундай эмас, маййитдан қолган тарикадан (мерос) бобо ва момо белгиланган ҳақдан ортиғини олишолмайди модомики маййитнинг болалари ичида ўғил фарзанди бўлмаса. Бундан маълумки, фарзандларнинг ҳаққи бошқаларга нисбатан кўпроқ экан. Буни унутмаслигимиз ва уларнинг ҳақларини тўкис адо қилишимиз лозим. Уларни ҳақларига қўл узатишдан сақланиш зарур. Чунки Аллоҳ таоло “Нисо” сураси 32-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Албатта, етимларнинг молини зулм билан еганлар, қоринларида оловни еган бўладилар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирадилар”.
Ушбу оят тафсирида "Етимларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш учта ҳолат сабабли вожиб бўлади: унинг кичиклиги, етимлиги ва ёлғизлиги", деб келтирилади [5].
Вояга етмаган боланинг молини тасарруф қилиш.
Маълумки, вояга етмаган бола шаръий ва дунёвий муомалаларда ўзининг молини тасарруф қилишга салоҳиятли деб ҳисобланмайди. Шунинг учун унинг молини ва тасарруфлардаги ҳуқуқларини сақлаш учун шариатимиз ўзининг кўрсатмаларини батафсил тақдим қилган. Аллоҳ таоло буни ҳам таълимини "Нисо" сурасида баён қилган: “Етимларни то никоҳ (ёшига) етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эси-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб шошилиб еманг. Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин. Уларга ўз молларини топшираётганингизда гувоҳлар келтиринг. Ҳисобчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур” [6].
Бу оятда кўзда тутилган етимнинг тасарруфига ҳақли кишилар унинг бобоси, амакиси ва бошқа валийлари бўлиши мумкин. Шундай экан етимлар, бевалар ҳаққига ҳиёнат қилаётганлар Аллоҳдан қўрқсинлар.
Талоқ қилинган аёл ҳамда боланинг нафақаси ёҳуд бугунги кунда ажрашган эрнинг зиммасидаги “алимент” масаласи.
Талоқ қилинган аёлнинг нафақаси бу унинг ислом шариъати белгилаб берган эрнинг зиммасидаги ҳаққи ҳисобланади. Бизнинг ҳолатимиздаги муаммолардан бири шуки, бир аёлни эри талоқ қилса, уйдан ҳайдаб солиш ёки аёл шошқалоқлик қилиб эрининг уйидан чиқиб кетиш ҳолати бўлиб, бу ислом шариъати кўрсатмаларига очиқчасига амал қилмасликдир.
Аслида қандай бўлиши кераклиги фиқҳий китобларимизнинг идда бобларида батафсил келтирилган. Ҳўп, идда тугаса, эри қайтиб никоҳига олиши мумкин бўлган ҳолатда никоҳига олмаган бўлса, ўша бева аёл ва агар фарзанди бўлса унинг нафақаси ҳақида шариъатимиз кўрсатмалари қандай?
Эр аёли билан ажрашмаган ҳолатда аёли ҳамда болаларининг нафақаси эрнинг зиммасига вожибдир. Нафақанинг вожиб бўлишида аёлнинг муслима ёки кофира бўлишининг аҳамияти ёқ. Лекин ажрашгандан кейин аёлнинг иддаси тугагунга қадар нафақаси ажрим ким тарафдан бўлганлигига қараб жорий қилинади. Болаларники эса то улар вояга етгунларига қадар отанинг зиммасига юклатилади.
Хўш, нафақа ўзи нималардан иборат бўлади?
Нафақа озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпанадан иборат бўлади. Бу қуйидаги оят билан жорий бўлган: "Ризқи кенг кенглигидан нафақа берсин" ("Талоқ" сураси 7-оят), "Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир" ("Бақара" сураси 233-оят).
Ҳажжатул вадўда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ҳам қуйидаги ҳадисларини айтганлар: "Уларнинг (аёлларнинг) озиқ-овқатлари ва кийм-кечаклари яхшилик ила сизларнинг (эркаклар) зиммаларингиздадир" [7].
Бугунги кунда қонунларимизда ҳам болаларга отаси томонидан бериладиган "алимент" тўловларига катта эътибор берилган. Тўловдан бўйин товлаган отага ҳатто қамоқ жазоси ҳам белгиланган.
Ота-оналар ҳамда болаларнинг алимент борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-қоидалар асосида амалга оширилади.
Уларга биноан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Мазкур мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота-онадан суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади.
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-оналар ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга, шунингдек вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етмаган болаларига таъминот учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромаднинг 1 бола учун – 1/4 қисми; 2 бола учун – 1/3; 3 ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволи ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг 1/3 қисмидан кам бўлмаслиги керак [8].
Эътибор берсак, юқоридаги оятда ҳам ҳадисда ҳам "яхшилик ила" дейилмоқда. Бундан жеркимасдан, нафратланмасдан ва малолланмасдан бериш кераклиги тушунилади. Минг афсуски, "алимент" пулидан ҳам қочиб юрган ёки суд уни кўп моиқдорда чиқармаслиги учун турли ҳил ҳийлалар билан камайтиришга уринаётганлар ҳам борлигининг гувоҳи бўляпмиз. Ҳолбуки, бу нафақаларни улар ким учун, фақат ўз наслларини давомчилари бўлган фарзандлари учун беряпдиларку!
Эри ғойиб бўлган аёлнинг нафақаси
Юртимизда бир қанча мусулмон эркаклар тирикчилик мақсадида турли ҳил юртларга сафар қиладилар. Лекин, ачинарлиси шундаки, баъзи эркаклар уйидаги аҳли аёлини ота-онасини эсдан чиқариб, асли нима мақсадда кетганини унутиб қўймоқда. Ёки нафсига қул кимсаларнинг алдовига ишониб сотилиб кетган ёки оиласи билан хабарлашолмай, бедарак бўлиб кетганлари ҳам бор.
Лекин буларнинг ҳам уйида унинг нафақасига кўз тикиб турганлар, эрини тирик ёки ўлик эканини билолмай, аросатда юрган аёллар талайгина.
Хўш, шариъатимиз буларга қандай чора кўради? Бу ҳақида бир қанча масалалар бор. Шулардан баъзиларини келтириб ўтамиз.
Шариъати исломияда бундай кишига "ғоиб" деб ишлатилади. Агар бир киши ғойиб бўлиб қолса-ю унинг бировга бериб кетган омонот моли бўлса, ва омонатдор ҳам омонат молини ва аёлни ғойибнинг хотини эканлигини тан олса, қози бугунги кунда суд, ана шу молдан ғойибнинг аёли ва болаларига нафақа ажратишга буюради ва бунга бир вакил тайин қилади. Ҳатто бошқа манбаларда ғоибнинг моли бўлмаса, қози (суд) унинг номига қарз олишга ҳам буюради [9].
Ҳа азизлар! бу масалада ҳам озгина бефарқлик сабабли болалар ва аёлларнинг ҳақлари поймол бўлиши мумкин. Аросатда турган аёлларнинг масаласи эса, ҳали ҳанузгача оғриқли бўлиб қолмоқда. Чунки шариъатимиз унинг эри ўлик ёки тириклиги исботланмагунча бошқага никоҳланишига рухсат бермайди. Шунинг учун ҳам эркаклар аёлларнинг аёллик ҳуқуқларини сақлашлари лозим бўлади.
Ушбу муаммоларни бартараф қилиш учун қуйидаги ишларни қўллаш мумкин:
Ҳуқуқий ҳимоя кучайтирилиши
Ижтимоий дастурларни кенгайтириш (яшаш жойлари, тиббий хизмат, таълим олиш имкониятлари ва ҳоказо)
Молиявий ёрдам ва қўллаб-қувватлаш (уларни мустақил ҳаёт кечиришлари учун касб-ҳунар ўргатиш)
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик (зўравонлик каби ишларга нисбатан қатъий жавоб бериш)
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, етим болалар ва бева аёлларни ҳуқуқларини поймол бўлишидан ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий ҳимоя, ижтимоий ёрдам, молиявий қўллаб-қувватлаш, таълим имкониятлари ва жамият хабардорлигини ошириш каби чоралар амалга оширилиши лозим. Бунда давлат, жамоат ташкилотлари ва жамиятнинг барча қатламлари биргаликда ҳаракат қилиши муҳимдир. Бу чора-тадбирларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб ҳаёт шароитларини яратишга хизмат қилади.
Зоиржон ЖУРАБОEВ,
Тошкент ислом институти талабаси.
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, "Тафсири ҳилол" 2-жуз.
[2] Имом Бухорий, "Адаб ал-муфрад" 6007-ҳадис. Имом Муслимнинг "Саҳиҳ Муслим" тўпламида 2982-ҳадис.
[3] Аҳмад ибн Али Абубакр Аррозий Ал-ЖАссос Алҳанафий, "Аҳкамул Қуръон", Дорул кутубл илмийя, Байрут-1994, 3-жуз, 508-бет.
[4] Абдулҳамид Маҳмуд Тоҳмаз, "Алфиқҳул Ҳанафий", "Дарул қолам", Дамашқ-2018, 3-жуз, 268-б.
[5] Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Алромий, "тафсир ҳадаиқул руҳ вар ройҳан фи роваби улумил Қуръон" "Дар товқин нажаҳ" Байрут-2001, 33-жуз, 34-б.
[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, "Тасфсири ҳилол" 1-жуз.
[7] [7] Али Ибн Абубакр Ибн Абдужалил ал Фарғоний ал Марғиноний, "Алҳидая фи шарҳил бидаятил мунтаҳий", "Дар иҳяу турос аларобий", 4-жуз, 285-б.
[8] https://uz.wikipedia.org/wiki/Aliment
[9] Абул Ҳасан Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн ЖАъфар Алқудурий Алҳанфий, "Мухтасарул қудурий фи фиқҳил ҳанафий", "Дарул китабул илмийя", 1998, 173-б.
Ахборот манбасини аниқлаш, маълумот кимдан олинганини текшириш, турли ривоятларни ўзаро солиштириш ва ишончли далилни шубҳали хабардан ажратиш бугунги ахборот маконининг энг долзарб масалаларидан бирига айланган. Бундан қарийб ўн икки аср муқаддам Имом Бухорий ҳадисларни саралашда манба занжири, ровийлар ишончлилиги ва ривоятларни қиёсий текширишга таянган илмий анъананинг энг мукаммал намуналаридан бирини намоён этган эди, хабар бермоқда iccu.uz.
2026 йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази ташкилотчилигида Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти — ICESCO ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми – йирик халқаро илмий лойиҳа ана шу меросга замонавий тадқиқот нуқтаи назаридан қайта мурожаат қилди. Ана шу форум доирасида Самарқандда ўтказилган халқаро конференцияда халқаро олимлар, тадқиқотчилар томонидан бир қатор маълумотлар, янгиликлар тақдим этилган. Бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази ана шу материаллар асосида 16 мамлакат олим ва тадқиқотчилари иштирокида Имом Бухорий шахсияти, “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ” асарининг илмий методологияси, қўлёзмалари, жаҳон илмий мактабларидаги ўрни ҳамда асар атрофидаги танқидий баҳсларни беш асосий йўналишда қамраб олган қарийб 800 саҳифалик илмий нашр устида ишламоқда.
Бухородан бошланган илмий йўл
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий 194 ҳижрий, 810 милодий йилда Бухорода туғилган. Ёшлигидан ҳадис илмига қизиққан аллома кейинчалик Макка, Мадина, Ироқ, Шом, Миср ва Хуросон каби ўша даврнинг йирик илм марказларида бўлиб, кўплаб муҳаддислардан таълим олган.
Унинг энг машҳур асари — “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ”, кенг тарқалган номи билан “Саҳиҳ ал-Бухорий”, сунний ислом илмий анъанасида энг нуфузли ҳадис тўпламларидан бири сифатида эътироф этилади.
Асарнинг аҳамияти фақат унда ҳадислар жамлангани билан чекланмайди. Тадқиқотчилар учун унинг асосий хусусиятларидан бири — ривоятларни қабул қилиш ва саралашда қўлланган мураккаб илмий мезонлардир.
Ислом илмлари тарихида санад — хабар ёки ҳадиснинг бир ровийдан бошқасига етиб келганини кўрсатувчи ривоят занжири — марказий аҳамият касб этган. Муҳаддислар ровийларнинг таржимаи ҳоли, ишончлилиги, хотираси, бир-бири билан учрашиш имконияти ва бир хабарнинг турли йўллар орқали қандай ривоят қилинганини қиёсий ўрганган.
Имом Бухорий ана шу илмий муҳитда фаолият юритиб, ҳадисларни текшириш ва таснифлашда ўта юқори талаблар қўйган олим сифатида тарихда қолди.
“Саҳиҳ ал-Бухорий” — фақат тўплам эмас, илмий ёндашув
Имом Бухорий меросига бағишланган замонавий тадқиқотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири унинг ҳадисларни танлаш услуби ва асарни тайёрлаш ёндашувини ўрганишга қаратилган.
Манбаларда аллома “Саҳиҳ ал-Бухорий” устида 16 йил ишлагани қайд этилади. Асарни яратишга туртки берган омиллар қаторида унинг устози, IX асрда яшаган буюк муҳаддис, фақиҳ ва Қуръон тафсири олими, Хуросоннинг энг нуфузли уламоларидан бири Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг саҳиҳ ҳадисларни алоҳида китоб шаклида жамлаш ҳақидаги таклифи ҳам келтирилади.
Бироқ илмий нуқтаи назардан асарнинг қиммати уни яратиш учун сарфланган вақтдан кўра қўлланган методологияда яққолроқ намоён бўлади.
Имом Бухорий ривоятларнинг санадига, ровийларнинг мақомига, улар ўртасидаги алоқа имкониятига ва ҳадисларнинг бошқа ривоят йўллари билан муносабатига алоҳида аҳамият берган. Асардаги боб сарлавҳалари ҳам оддий техник тақсимот эмас: улар кўп ҳолларда муаллифнинг фиқҳий хулосаси, далилни қандай англагани ва бир ривоятдан қандай ҳуқуқий ёки ахлоқий маъно чиқарганини кўрсатади.
Шу сабабли “Саҳиҳ ал-Бухорий” асрлар давомида фақат ўқилган эмас — шарҳланган, қиёсланган, кўчирилган, ўқитилган ва танқидий таҳлил қилинган.
Илмий конференция нимани ўрганди?
2026 йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида 9–10 июль кунлари Самарқандда “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари — Уммат китоби” мавзусидаги халқаро илмий конференция ташкил этилган конференциянинг илмий дастури Имом Бухорий меросини бир ёқлама тарихий хотира сифатида эмас, балки комплекс тадқиқот объекти сифатида ўрганишга қаратилди. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси томонидан тайёрланаётган илмий нашр бу жиҳат алоҳида аҳамият касб этди. Олимлар ва тадқиқотчилар томонидан қуйидаги 5 йўналишда Имом Бухорий мероси таҳлил қилинди.
Биринчи йўналиш Имом Бухорий шаклланган тарихий, жуғрофий, ижтимоий ва илмий муҳитни қамраб олди. Бунда Бухоро ва Мовароуннаҳрнинг ҳадис илми тараққиётидаги ўрни, оилавий тарбия, устозлар муҳити ва алломанинг илмий шахсияти шаклланишига таъсир қилган омиллар тадқиқ этилди.
Иккинчи йўналиш “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”нинг ички илмий механизмига қаратилди. Тадқиқотчилар Имом Бухорийнинг иснод тизими, ҳадисларни саралаш ва таснифлаш мезонлари, ривоятлардаги яширин нуқсонларни аниқлаш усули, боб сарлавҳаларини шакллантириш маҳорати ҳамда далиллаш принципларини таҳлил қилди.
Бу йўналиш асарга оддий ҳадислар мажмуаси сифатида эмас, балки мураккаб илмий архитектурага эга манба сифатида қараш имконини беради.
Учинчи йўналиш дунё кутубхоналари ва қўлёзма хазиналарида сақланаётган “Саҳиҳ ал-Бухорий” нусхаларига бағишланди. Қўлёзмалардаги қироат, самоъ, ижоза, муқобала ва турли илмий қайдлар асарнинг асрлар давомида қандай ўқилгани, кўчирилгани ва авлоддан авлодга етказилганини ўрганиш учун муҳим материал ҳисобланади.
Бундай манбалар бир матннинг тарихий ҳаракатини кузатиш, нусхалар ўртасидаги фарқларни аниқлаш ва асарнинг илмий трансмиссиясини тиклаш имконини беради.
Тўртинчи йўналиш турли мамлакат ва илмий мактабларнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни ўрганишга қўшган ҳиссасини қамраб олди. Асар асрлар давомида Шимолий Африкадан Марказий Осиёга, Яқин Шарқдан Жанубий Осиёгача бўлган кенг ҳудудларда ўқитилди, шарҳланди ва тадқиқ қилинди.
Бу география Имом Бухорий меросининг фақат бир давлат ёки минтақа доирасидаги тарихий қадрият эмаслигини кўрсатади.
Бешинчи йўналиш “Саҳиҳ ал-Бухорий” атрофида турли даврларда билдирилган илмий эътирозлар, баҳсли масалалар ва уларга берилган жавобларни ўрганишга бағишланди.
Бу йўналишнинг конференция дастурига киритилиши муҳим: илмий меросни асраш уни фақат улуғлаш билан эмас, балки унга қаратилган саволларни ҳам очиқ илмий муҳокама қилиш билан амалга оширилишини кўрсатади.
16 мамлакат тадқиқотчилари иштирокидаги нашр
Конференция якунлари кейинчалик алоҳида илмий нашрга айланди.
ICESCO 2026 йил 16 июлда “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ” асари: Уммат китоби. Иснод ва тасдиқ цивилизациясининг илмий тимсоли” номли фундаментал нашр тайёрланмоқда.
Нашрда 16 мамлакат олимлари ва тадқиқотчилари иштирок этди. Унда конференциянинг юқорида санаб ўтилган беш асосий илмий йўналиши бўйича тақдим этилган тадқиқотлар жамланмоқда.
Нашр ҳадис илми тарихи билан бирга манбашунослик, қўлёзмашунослик, матн танқиди, ривоят методологияси ва ислом интеллектуал тарихи учун ҳам янги тадқиқот материалларини бир майдонга тўплади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса тўпламдаги тадқиқотлар аннотацияларини ўзбек тилига таржима қилишда иштирок этди.
Қадимий санад тизими ва замонавий ахборот муҳити
Имом Бухорийнинг илмий услубини замонавий журналистика ёки бугунги фактчекинг тизими билан айнан тенглаштириш тарихий жиҳатдан тўғри бўлмайди. Улар турли даврлар, вазифалар ва илмий муҳитларга тегишли.
Бироқ улар ўртасида муҳим интеллектуал нуқта бор: ахборотнинг ўзи етарли эмас — унинг манбаси ҳам текширилиши керак.
Ҳадисшунослик анъанасида “Бу хабар кимдан келди?”, “Уни етказган шахс қанчалик ишончли?”, “У мазкур маълумотни бевосита олиши мумкин бўлганми?”, “Бошқа ривоятларда бу хабар қандай келтирилган?” каби саволлар илмий текширувнинг бир қисмига айланган.
Бугун рақамли платформалар орқали маълумот бир неча сония ичида миллионлаб одамларга етиб бораётган шароитда ҳам манбани аниқлаш, бирламчи маълумотни топиш, мустақил тасдиқ излаш ва хабарни контекстда баҳолаш ишончли ахборотнинг асосий шартларидан бўлиб қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан Имом Бухорий мероси фақат диний ёки тарихий аҳамиятга эга эмас. У маълумот билан ишлашда масъулият, текшириш ва далилга таяниш маданияти қандай шаклланганини ўрганиш учун ҳам муҳим тарихий тажрибадир.
Имом Бухорий тадқиқотлари учун институционал база
Имом Бухорий меросини тизимли ўрганиш Ўзбекистонда сўнгги йилларда махсус илмий муассасалар фаолияти билан ҳам мустаҳкамланмоқда.
2016 йил 18 октябрда Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида ўша пайтда Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида буюк алломалар меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган.
2017 йил 27 мартда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирларига оид Президент қарори қабул қилинди.
Бугун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа ихтисослашган илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик қўлёзмаларни ўрганиш, илмий нашрлар тайёрлаш ва Ўзбекистонда шаклланган интеллектуал меросни халқаро академик муҳитга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Самарқандда ўтказилган халқаро конференция ва 16 мамлакат олимлари иштирокида тайёрланаётган янги илмий нашр эса Имом Бухорий меросини фақат тарихий хотира сифатида эмас, балки ҳали ҳам тадқиқ қилиниши, баҳс қилиниши ва янги илмий саволлар қўйилиши мумкин бўлган тирик интеллектуал мерос сифатида намоён этиши кутилмоқда.
Ахборот ҳажми ортиб, ҳақиқат билан талқин, ишончли манба билан тасдиқланмаган хабар ўртасидаги чегара тобора мураккаблашаётган бир даврда бу меросдан чиқадиган энг муҳим хулоса содда: ишончли билим манбани текширишдан бошланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати