Оилада илм ҳукм суриши, фарзандларнинг салоҳиятли бўлиши ҳамда жамиятга ва динга хизмат қилувчи мукаммал авлод етишиб чиқишида аёлнинг ўрни беқиёсдир. Аёл илмли ва илмга муҳаббатли бўлар экан, оиладан ҳар томонлама мукаммал инсон етишиб чиқиши муқаррардир.
Шу йил 11 апрель куни Тошкент ислом институтида “Олима аёл – миллат тарбиячиси” номли тадбирда талаба қизларга “Илм карвонидаги аёл ва оила” мавзусида ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашган ҳолда суҳбат қилиб беришлари учун бугунги кунда диний-маърифий нашрларни ташкил этишда ва шу соҳанинг равнақи учун жонбозлик кўрсатаётган дин арбобларининг мунис онаси, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг турмуш ўртоқлари Фотимаи ая Исмоил Махдум ва фарзанди Оминахон Муҳаммад Юсуф ташриф буюрдилар.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва Фотима аянинг дуолари билан бошланди. Суҳбат давомида Фотима ая талаба қизларга ҳозирги ижтимоий ҳаётда аёл-қизларнинг илмли бўлишлари ва ҳаётда ўз ўринларини топишлари нақадар муҳим эканлигини тушунтирган ҳолда уларга бир қатор тавсиялар бериб ўтдилар. Жумладан, илм олишда, авваламбор ихлосли бўлиш ва ниятни тўғри қилиш, илм ва оилани тенг олиб боришга эътиборли бўлиш ва бу йўлда жидду жаҳд қилиш, ўзини психологик тўғри тайёрлай олиш ва албатта тартибга риоя қилиш ҳамда олдига қўйилган ишларни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилиш.
Жумладан, Фотима ая марҳум Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни хотирлаб, у зотнинг оилада аёлларга бўлган эътиборлари, уларнинг илм олишларига бўлган ҳарисликлари ҳамда яратиб берган шароитлари ҳақида таъкидлаб ўтдилар.
Фотима аянинг тавсиялари давоми ўлароқ Оминахон Муҳаммад Юсуф Тошкент ислом институтининг битирувчиси сифатида ўз талабалик даврини хотирлаган ҳолда бу даврнинг қадрига етишга ва назарий олинаётган илмларини амалда тадбиқ қилишга ҳаракат қилишга ҳамда орттирилган кўникмаларини жамиятимиз ва оила учун хизматда тўғри фойдалана олишга чорлади.
Тадбирнинг иккинчи қисми талаба қизлар томонидан берилган саволлар билан давом этди. Илм аҳлининг фарзанди, турмуш ўртоғи ва волидаси тимсолидаги Фотима аядан талабалар амалий намуна сифатида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар ва тавсиялар олдилар.
ТИИ Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 6 май куни Мир Араб олий мадрасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари М.Муҳаммадсидиқов, диний таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда таълим соҳасини янада яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, ўқув-меъёрий ва услубий жиҳатдан такомиллаштириш, мавжуд фанларни, хусусан ижтимоий-гуманитар ва фанларни ўқитиш сифатини юқори босқичга олиб чиқиш, ўқитувчилар методологиясини мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий ишларни кучайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Мажлис давомида таълим муассасалари мисолида амалга оширилиш лозим бўлган масалалар ўртага ташланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.