Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Июн, 2025   |   5 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:53
Пешин
12:27
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:45
Bismillah
30 Июн, 2025, 5 Муҳаррам, 1447
Янгиликлар

Ўртада бегона йўқ

11.04.2025   9326   3 min.
Ўртада бегона йўқ

Холис фикр

Бир нуроний тоғамиз бор. Қариндошлар йиғилиб зиёратига бордик. Суҳбатлашиб ўтирганимизда даврадагилар ўтганларимизни суриштира кетди ва: “Фалончи билан писмадончи қандай қариндош, писмадончи билан фалончи?..” қабилидаги саволларни ёғдирди. Тоғамиз: “Улар ота бир она бошқа...” ва шунга ўхшаш жавоблар бераверди. Қарасак, бутун қишлоқ бир-бирига қариндош чиқяпти. “Боваларимиз роса кўп уйланган экан-да ўзиям”, деди бири маломат қилган оҳангда. Унга жавобан тоғамиз: “У вақтларда бева аёл бўлмасди, қайсики аёлнинг эри ўлдими, эркаклардан бири уйланарди ва болаларини қарамоғига оларди”, деди. 
 

Бу энди ўтган замоннинг гапи. Ҳозирги вақтда бевалар ва етим-есирлар давлатимиз ҳимоясида, уларга эрнинг нима кераги бор!.. Аммо шунчалик кўп тақиқларга, ваъз-насиҳатларга қарамай, кимларнингдир иккинчи хотинга уйланиш ниятида юргани қулоққа чалиниб қолади. Ана шундай дамларда ўша эркакни гўрдан олиб гўрга солишлар бошланади: хотинбоз, пулмаст, суюқоёқ ва ҳоказолар...


Эҳтимол, бу айбловларнинг ҳаммаси ҳам нотўғри эмасдир. Аммо масаланинг яна бир жиҳати бор: аксар ҳолларда эрининг уйланишига аёлнинг ўзи ташаббускор бўлади. Масалан, аёл  бир, икки фарзандли бўлганидан сўнг эри учун эмас, тўйларга, ҳашамларга бориш учун безанади, камига шу ишни эрининг кўз ўнгида қилади; эрига эса катта ўғлига ўдағайлаётгандек муомала қилади.


Эри иш буюрса, бажармайди; чорласа, саркашлик қилади. Ана шундай чоқда эр жаҳл устида (ният қилиб эмас, албатта): “Ҳа, бир ҳурматимни биладиган хотин олмасам”, деб қўяди. Шунда аёл: “Астағфируллоҳ, ундай деманг-ай, хатоларим бўлса, тўғрилаб оламан”, демайди-да, “Қани, бир уйланиб кўринг-чи!” деб нафсониятига тегади. Бу гапни бир марта айтиш билан кифояланмайди. Оқибатда эрининг пўписа учун айтган ўша гапи ниятга айланади. Чунки хотини кейинги можароларда: “Сизга ким ҳам тегарди ўзи”, “Уйланишни сизга ким қўйибди” қабилидаги гапларни қайтаравериб, ўзи билмаган ҳолда эрини уйланишга мажбурлашда давом этади. Кейин эса буёғи маълум: эр – бевафо, хотин –жабрланувчи! 


Профессор, доктор Аҳмад Лутфий Қозончининг “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг завжалари  (завжати мутаҳҳирот)” асарида ушбу масалада ниҳоятда ибратли таъриф келтирилган: “Абу Салама розияллоҳу анҳу кўз нури деб билган хотинидан бошқа гул ҳидини ҳидламаган эди. Чунки Умму Салама розияллоҳу анҳо (онамиз) эркак ўз хотинидан кутадиган барча гўзалликларни унга нисор этарди, натижада иккинчи хотинга эҳтиёж қолмаганди ва иккинчи никоҳнинг номи ҳам айтилмаганди”.


Мушоҳада қилиб кўрайлик, азизлар, аёллар Умму Салама онамиздек бўлса, эри ўзини қандай ҳолда кўришни истаганда, ўшандек кўринишга ҳаракат қилса, кунларини ўзининг кайфиятига қараб эмас, эрига парвона бўлиб ўтказса, эркакка иккинчи хотин ташвиши нима керак!


Дарҳақиқат, тақиқлар, жарималар, дўқ-пўписалар, айниқса, ушбу масалада кутилгандек самара бермайди. Зотан, тақиқланган мева ширин туйилади, деганларидек, эркакларнинг қизиқишини янада кучайтиради, холос. Ҳамма гап аёлларнинг ўзида – эрларини тезлайвермаса, шунинг ўзи кифоя. 


Дамин ЖУМАҚУЛ

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Муҳими қалбдаги нарса, чўнтакдаги эмас

27.06.2025   6399   3 min.
Муҳими қалбдаги нарса, чўнтакдаги эмас

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.

Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:

— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!

Хотин деди:

— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.

Эр деди:

Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.

Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:

— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:

«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).

Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.

Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.


Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!

Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.

Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!

Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!


Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!

Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.

Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди