Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Саъид Варроқ айтади: Аъмашнинг бир қўшниси бор эди, у доимо унга: “Келинг, уйимга кириб бир бўлак қотган нон билан туз еб кетинг”, дер эди. Аммо Аъмаш ҳар гал рад этар эди. Бир куни қўшниси яна таклиф қилди ва бу сафар Аъмашнинг қорни бир оз оч экан, “Майли борайлик”, деди. Уйга киришди ва қўшниси ростдан ҳам фақат бир бўлак қотган нон билан туз олиб чиқди. Шу пайт бир тиланчи эшик қоқди. Қўшниси чиқиб унга: “Аллоҳ баракангни берсин”, деди. Тиланчи яна сўради.
Уй эгаси: “Баракангни берсин”, деди. Учинчи марта яна сўраган эди, қўшниси: “Йўқол бу ердан, акс ҳолда ҳозир уйимдан калтак олиб чиқиб ураман!” деди. Шунда уйни ичида ўтирган Аъмаш тиланчига қараб: “Эй, тиланчи кетaқол! Йўқса, ҳақиқатан ҳам калтак билан уради. Чунки мен ваъдага вафо қилишда бу одамга ўхшаганини кўрмаганман. Бир йилдан бери мени уйига таклиф қилиб бир бурда қотган нон ва туз билан меҳмон қилишини ваъда берар эди, ростдан ҳам бугун шу нарсаларни берди, Аллоҳга қасамки, бундан ортиқ бирор нарса қўшмади ҳам”, деди.
Абулфараж ибн ал-Жавзийнинг
“Зариф ва ҳазилкашлар ҳақидаги хабарлар” китобидан
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро илмий-маърифий мулоқот ва ислом цивилизацияси меросини замонавий нуқтаи назардан ўрганиш учун муҳим майдонга айланмоқда. Бу ҳақда Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич Марказга ташрифи чоғида таъкидлади.
Муфтий бошчилигидаги делегация ташриф давомида Марказнинг тарих, илм-фан, маданият ва дин билан боғлиқ бой мероси, шунингдек, унинг халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни билан танишди.
Томаш Мишкевич, Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий:
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарих, илм-фан, маданият ва дин билан боғлиқ улкан меросни ўзида мужассам этган. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами цивилизациясини намоён этади. Марказ фаолияти орқали ислом цивилизациясининг замонавий илмий талқини ва унинг бугунги кун учун аҳамияти очиб берилмоқда.
Бугун Марказ халқаро майдонда, илм-фан ва тарихга бағишланган форумлар, конференциялар ҳамда учрашувлар доирасида муҳим ўрин эгалламоқда. У халқаро илмий мулоқот ва ҳамкорлик учун замонавий майдон яратмоқда. Ушбу Марказнинг ташкил этилгани ва бугун самарали фаолият юритаётгани учун Ўзбекистон Президентига, Ўзбекистон халқига ҳамда бу эзгу ишга ҳисса қўшаётган барча инсонларга миннатдорлик билдираман», — деди Польша муфтийси.
Ташриф якунида Томаш Мишкевич «Фахрий меҳмонлар» китобида ҳам ўз таассуротларини қолдирди. Унда меҳмон Марказнинг диний, маданий ва тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, шундай ёзди:
«Динимиз — Ислом, шунингдек, маданиятимиз ва тарихимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган бундай улуғвор масканга ташриф буюриш мен учун катта шараф ва мамнуният бағишлади».
Шундан сўнг Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбатда Марказнинг халқаро илмий-маърифий майдондаги ўрни ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида меҳмонга эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати