Санкт-Петербургдаги машҳур Эрмитаж музейида оғирлиги 11,2 тонна келадиган улкан тош сақланмоқда. Бу оддий тош эмас. У Соҳибқирон Амир Темур даврига, яъни Темурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган буюк бир даврга оид тарихий ёдгорликдир.
Ушбу тош 1937 йили Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Улуғ тоғда топилган. Унинг юзига эпитафия – ёдгорлик матни ўйиб ёзилган бўлиб, у Соҳибқирон Амир Темурнинг Дашти-Қипчоқга қилган машҳур юришига бағишланган.
Матнда бундай дейилади: “793 ҳижрий сана, яъни қўй йили, ёз ойида Турон султони Темурбек 200 минглик қўшин билан Тўхтамишхонга қарши юришга отланди. У шу ерга етиб келгач, ушбу ёдгорликни ўрнатди. Аллоҳ зафар берсин, инша Аллоҳ. Аллоҳ инсонларга раҳм айласин, бизларни дуоларида эслашсин”.
Бу ёдгорлик нафақат ҳарбий зафарни, балки Амир Темурнинг ўз халқи ва келажак авлодлар олдидаги масъулияти ҳамда исломий қадриятларга садоқатини ҳам намоён қилади.
Улуғтоғ тоғларида Амир Темур ўз лашкарини жойлаштирган ва ушбу хотиратошни ўрнатишга қарор қилган. Аскарлар тош йиғишган, маҳаллий усталар эса тошга тарихий матнни ўйиб ёзганлар. Бу ҳаракат соҳибқирон Амир Темурнинг ҳар бир ютуғи замирида қадрият, хотира ва ибрат қолдириш истаги борлигини кўрсатади.
Эрмитаж музейида нафақат ушбу тош балки Темурийлар даврига оид бошқа ноёб экспонатлар ҳам бор. Улар орасида: “Мироншоҳ Амир Темурнинг ўғли номига тайёрланган хризолит муҳри, Темурий аёлларининг буюк намояндаларидан бири”, Гавҳаршод бегимга тегишли нефрит узук ҳамда бошқа кўплаб тарихий ашёлар бор.
Бу каби ёдгорликлар нафақат тарихий ахамиятга эга, балки буюк аждодларимиз қолдирган маънавий мероснинг ёрқин намунасидир.
И.Аҳмедов тайёрлади.
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ