Хотира
Буюк ватандошимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини нафақат Марказий Осиё давлатлари мусулмонлари, айни пайтда бутун Ислом олами юксак эҳтиром билан тилга олади. Мисрлик олим, Қуръон ҳофизи “ал-Азҳар” университети мударриси Шайх Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон марҳум Шайх ҳазрат ҳақида мақола ёзиб, нашр эттирди.
Бугун – 15 апрель Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг таваллуд топган кунлари. Шу муносабат билан Шайх Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон ёзган мақолани таржима қилиб, сиз азизларга ҳам илиндик.
***
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари умрини илм ўрганиш ва ўргатишга бағишлаган мужтаҳид уламолардан. У киши илм ва тақвода юксак мартабага эришди. Илмни амал билан, фикрни сулук билан уйғунлаштирди.
Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шахсиятига оид муҳим хусусиятлардан бирига мен у зотнинг таржимаи ҳол ва фаолиятини ўрганиш асносида амин бўлдим. Ҳазрат руҳий тарбияга ва нафсни поклашга жуда катта аҳамият берган. Бу устознинг дарслари, маърузалари ва китобларида яққол намоён бўлган. Зеро, инсон руҳий тарбиясиз, нафсни енгмасдан туриб тўғри йўлда бўлолмайди, улуғ даража ҳосил қилолмайди.
Чунончи, руҳий тарбия руҳни поклайди, нафсни тозалайди. Шу боис Ислом мунтазам равишда руҳий тарбия билан машғул бўлишга буюрган. Аллоҳ таоло Шамс сурасида бундай марҳамат қилади: «(Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!» (9–10-оятлар).
Исломда руҳий тарбия – нафсни поклашдан мақсад саргардон руҳдан Аллоҳ таолони танувчи, У Зотга бандаликни бекаму кўст адо этувчи руҳга айланишдир. Шундан келиб чиқиб, руҳий тарбия ҳар бир шахс кундалик амалига айланиши зарур.
Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ бу йўлда тинимсиз ҳаракат қилиб, халқни, юртдошларини руҳий тарбияга даъват қилди. У киши Мовароуннаҳрнинг ҳар бир ўлкасида шу ишни амалга оширди. Кўп йиллар ҳар жабҳада – диний, ахлоқий, маданий ва мафкуравий жиҳатдан – коммунистлар таъсири остида бўлган, ҳозир истиқлол нашидасини сураётган халқ учун руҳий тарбия жуда керак бўлган бир пайтда яшаб, динга хизмат қилиб ўтди.
Шайх ҳазратлари руҳий тарбия фақат илм, сўнгра амал билан рўёбга чиқишини чуқур англаган. У киши жидду жаҳд қилиб, муборак даъватлари асносида Аллоҳ таоло ато этган илм, ҳикмат ва басират билан илмни кенг ёйди. Бу жараён “диний саводхонликни ошириш” деб билди. Чунки яратилиш (фитрат)нинг гўзаллиги камолотни, салоҳиятни тақозо этади. Унинг йўллари нажотга элтади. Ҳазрат шу заҳматли йўлда тиним билмади.
Дарсларида ҳам, маърузаларида ҳам шариат илми ва руҳий тарбия омухталиги узилмай келган. Даъвати таъсирли, юриш-туриши, хулқ-атвори барчага ўрнак, моҳир мураббий, ҳассос мутафаккир, инсонлар қалбидан жой олган улуғ аллома эди.
Шайх раҳимаҳуллоҳ муаллифлигида битилган китобларга келсак, у киши уч жилддан иборат “Руҳий тарбия”, “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, “Зуҳд ва ҳаё”, беш жилддан иборат “Хислатли ҳикматлар шарҳи”, “Ислом маънавий жиноятларга қарши”, “Ислом ва поклик” каби асарларни таълиф этган. Бошқа асарлари ҳам руҳий тарбиядан холи бўлмаган ҳолда шариат ишлари муолажасига бағишланган.
Шайх ҳазрат бу хизматлари билан Марказий Осиё минтақасидаги мусулмонларнинг руҳий-маънавий жиҳатдан юксалишига жуда катта ҳисса қўшди. Аллоҳ таолодан у зотни буюк мукофот билан сийлашини сўраймиз. Омин!
Шайх Абдуллоҳ Ҳусайн ШАЪЛОН,
“Ал-Азҳар” университетининг Қуръон,
қироатлар ва Қуръон илмлари устози.
Ўзбек тилига Толибжон НИЗОМ ўгирди.
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.