Яқинда, аниқроғи 2025 йилнинг февраль ойида Иордания мамлакатининг пойтахти Уммон шаҳридаги электрон ахборот агентлиги ўзининг араб ва инглиз тилларида фаолият юритадиган "Уммон" номли веб-сайтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуруддин Холиқназар ҳазратларининг "Ўзбекистондаги буюк мерос: "Катта Лангар Қуръони”нинг қўлёзма тарихи" мавзусидаги илмий мақоласини нашр қилинган эди.
Жорий йилнинг апрель ойида эса ушбу мақолани Исломий ҳамкорлик ташкилотининг расмий босма нашри “OIC Journal” ҳам ўз саҳифасида эълон қилди.
Араб тилида эълон қилинган ушбу мақолада Муфтий ҳазратлари тарихий қўлёзма асар ҳақида маълумот берар экан, унинг ёзилиш тарихи VIII асрнинг охирларига тўғри келишини таъкидлаган. Бунга асос эса 2000 йилда Гронинген университетининг Изотоп тадқиқиот маркази рус ва голланд олимлари ушбу қўлёзмада эрамизнинг 775-995 йиллари оралиғига оид радиокарбонни анқилаганини келтирган. Бу давр эса араб тили грамматикасининг шаклланиш палласига тўғри келиши айтилган. Демак, бизнинг диёрларимизда илм-фан ва маърифатнинг тарихи жуда қадимий эканлигини бу илмий асослар яна бир бор исботлайди.
Китобнинг айнан “Катта Лангар Қуръони” деб аталиши ҳақида ҳам аниқликлар киритган муаллиф Қуръони карим узоқ йиллар сақланиб келинган Қашқадарё вилоятидаги “Лангар ота” масканидан олганини таъкидлаган.
Мақола билан танишган ўқувчи унинг турли йилларда турли хил вазиятда сақлангани, қаровсиз қолгани туфайли аксар варақлари йўқолиб кетгани, ҳозирги вақтда қанча саҳифаси қаерда сақланаётгани ҳақида ҳам маълумотларни умумийлаштирганига гувоҳ бўлади. Сўнги йиллардаги қадимий қўлёзмани сақлаш, авайлаб асраш ишлари унга янги ҳаёт бергани таъкидланган. Ўзбекистон Республикаи Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019-2021 йиллар давомида қўлёзма кенг қамровли реставрациядан ўтказилди. Франциянинг Лувр музейи реставраторлари маҳаллий мутахассислдар билан биргаликда амалга оширган бу нозик жараён асрлар давомида унга етган зарар ва эскиришларни бартараф этган.
Муфтий ҳазратнинг ушбу илмий мақоласи орқали бутун ислом оламига юртимизда тарихий, илмий меросларни сақлаш, илм-фанга эътибор, ислом илмларини ривожлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар яна бир бор намоён қилиб берилди. “Катта Лангар Қуръони” қўлёзмаси исломшунослик ва маданий меросни асраб-авайлашнинг исботи бўлиб хизмат қилади. Унинг аҳамияти Ўзбекистон чегараларидан чиқиб, инсоният учун маънавий-тарихий хазина бўлиб хизмат қилмоқда.
Қадимдан ислом илмлари бешиги бўлиб келган юртимиз бу каби асарларни ўрганиш ва сақлашда ҳамда кўп асрлик ислом анъаналарини замонавий тадқиқотлар ва уларни асраш усуллари билан боғлаш борасида ҳам дунё халқларига ўрнак бўлаётгани яна бир карра ушбу мақолада очиб берилган.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг ўринбосари
Бугун, 30 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида "Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Давлатимиз раҳбарининг Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида илгари сурган ташаббуси доирасида улуғ аждодимизнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, бу меросни замонавий тадқиқот методлари асосида таҳлил қилиш ҳамда унинг умуминсоний ва миллий қадриятлар тизимидаги ўрнини белгилаш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман доирасида Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий ва маърифий ғоялари, уларнинг замонавий маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, алломанинг ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий манбалар, асарларининг бугунги кундаги илмий ва амалий аҳамияти, кубровийлик таълимотининг тарихи ва бугунги ҳолати, шунингдек, ушбу таълимотнинг кейинги тасаввуф мактабларига таъсири кенг муҳокама этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати