Бугун, 15 апрель куни “Ҳаж-2025” мавсумига тайёргарлик кўриш, уни намунали ва тартибли ташкил этиш мақсадида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан борувчи ҳаж зиёратчиларига бириктирилган гуруҳ раҳбарлари учун ўқув семинар бўлиб ўтди.
Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси бўлим бошлиғи Бобомурод Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва умра маркази бошлиғи Мақсуд Каримов, Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов бошчилигида олиб борилди.
Ўқув семинарда гуруҳ раҳбарларига ҳаж амалларини адо этишнинг шаръий қоидалари, унинг фарз, вожиб, суннатлари, эҳромга кириш, тавоф ва саъй қилишнинг тартиб-қоидалари, ҳаж мавсуми давомида ман этилган амаллардан сақланиш, шунингдек, Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама шаҳарларидаги муборак жойларни зиёрат қилиш одоблари ҳақида суҳбат олиб борилди.
Шунингдек, гуруҳ раҳбарлари зиёратчиларга муборак сафар давомида яратилган шароитлар, тиббиёт хизмати, меҳмонхона тартиб-қоидалари, сафарга бориб келишдаги барча тартиб-интизомлар ҳақида маълумотлар айтиб ўтилди ва иштирокчиларни қизиқтирган саволларига керакли жавоблар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Муборак Қурбон ҳайити арафасида Қашқадарё вилоятида аҳолини ижтимоий ва тиббий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, оғир ва ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган болаларнинг жарроҳлик амалиётлари, онкологик ва гематологик хасталиклари бор беморларни даволаш, шунингдек, жигар ва буйрак трансплантацияси харажатларини қоплаш учун ажратилган маблағлар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўз эгаларига топширилмоқда.
Мазкур савобли ишларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Низом Қурбонов ҳамда вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмоновлар иштирок этиб, беморлар хонадонига ташриф буюрдилар ва уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Бу каби эзгу тадбирлар юртимизда инсон қадрини улуғлаш ва эҳтиёжманд фуқароларга меҳр-мурувват кўрсатишнинг гўзал намунаси бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати