Ҳаётингиз давомида бирор кишига зулм қилманг!
Агар сиз ота бўлсангиз, фарзандларингизга зулм қилманг!
Борди-ю, сиз раҳбар бўлсангиз, қўл остингиздагиларга зулм қилманг!
Катта бўлсангиз, кичикларга зулм қилманг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазлумнинг дуосидан огоҳ этиб, бундай деганлар: “Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир”[1].
Яна бошқа бир ҳадисда айтадилар: “Мусулмон мусулмонга биродардир. Унга зулм ҳам қилмайди ва (зулм қаршисида уни ) ташлаб кетмайди ҳам”[2].
Умар ибн Абдулазиз бир вакилига: “Агар қудратинг инсон зотига зулм қилишга ундаса, Аллоҳ таолонинг устингда соя солиб турган қудратини ёдга олгин”, дея мактуб ёзган эдилар.
Муовия розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳдан ўзга мададкори бўлмаган кишига зулм қилишдан ҳаё қиламан”.
Нажоший айтади: “Салтанат куфр бирла яшамоғи мумкин, аммо унинг зулм билан боқий қолиши амримаҳол”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мазлумнинг баддуосидан эҳтиёт бўлинг! Чунки унинг дуоси булутлар узра кўтарилади. Аллоҳ таоло: “Иззатим ва жалолим ҳаққи, бироздан кейин бўлса-да, сенга, албатта, нусрат бераман”[3], дейди».
Шоир айтади:
Зулм этма, бўлсанг-да олам аро зўр,
Разолат сўнгида надомат бисёр.
Сен уйқу бағрида ётганингда ҳур,
Мазлуминг қарғагай кўзлари бедор.
Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳу айтади: «Мен қулимни қамчи билан ураётган эдим. Ортимдан кимнингдир “Билгин, эй Абу Масъуд” деган овозини эшитдим. Аччиқланиб турганим учунми, бу гапни яхши англамадим. Менга яқинлашган пайтда қарасам, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зот бундай дердилар: “Билгин, эй Абу Масъуд, билиб қўй, эй Абу Масъуд”. Мен қўлимдаги қамчини ташлаб юбордим. У зот: “Билгинки, сенинг мана бу қулга бўлган қудратингдан кўра, Аллоҳ таоло сенинг устингда қудратлироқдир”. Мен: “Энди ҳеч қачон қулларимни урмайман”, дедим. Ҳадиснинг бошқа ривоятида: “Ўгирилиб қарасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган эканлар. Мен шу заҳоти: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Аллоҳнинг йўлида озоддир”, дедим.
Шунда Набий алайҳиссалом: “Мабодо шундай қилмаганингда, сени дўзах ёндирарди”[4], дедилар.
Сиз ҳам қўл остингиздагиларни уришдан сақланинг ва яқинларингиздан бирор кишига зулм қилишдан эҳтиёт бўлинг.
Шоир айтади:
Кишига оғирдур ханжар тиғидан,
Олган жароҳати энг яқинидан.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти.
[2] Имом Бухорий ривояти.
[3] Ибн Абу Хайсама ривояти.
[4] Имом Муслим ривояти.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Намл сурасида: «То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз...” деди», дейилади.
Сулаймон алайҳиссалом қўшини билан келаётганида, бир чумоли жамоасига кутилмаган хатар яқинлашаётганини ҳис қилди ва қолганларни огоҳликка чақириб, биз тарафга хатар яқинлашиб келяпти, жонингизни қутқаринг: «...Яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар, деган эди» (Намл сураси, 18-оят).
Чумолининг қилган иши қанчалар ажабтовур-а?! У хатарни пайқаши биланоқ ўзини қутқариш учун эмас, жамоасини қутқариш учун шошилди.
Қавмининг қайғусини ўз зиммасига олди, хатар келмасидан уни ҳис қила билди ва чумолилар тўдасини “хавф бостириб келяпти, шошилинглар, жонингизни хатардан қутқариб қолинг”, дея огоҳлантирди.
Бир назар солайлик-да, ояти каримада келган “чумоли” сўзи араб тили қоидаларига кўра тадқиқ қилинса, у накра (ноаниқ) шаклда турибди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, “чумоли” сўзи Қуръони каримда ноаниқ шаклда келтирилди, демакки ўша чумоли тўданинг оддий бир аъзоси, лекин шундай бўлишига қарамай ўзини паст санамади. Биз эса, фалончи нима қилди, писмадончи-чи, деб суриштириш билан оворамиз.
Келинг, энди масаланинг бошқа томонига эътиборимизни қаратайлик. Чумоли: “Эй чумолилар, ҳозир Сулаймон сизларни қириб юборади. Сизлар бир кучсиз жамоасиз, улар сизга эътибор ҳам бермайди”, дедими?! У тўдасидагилар билан вазиятни таҳлил қилдими?! Чумолига боқинг. Аксинча, Сулаймон ва унинг қўшинини айбсиз дея, улар сезмаяптилар, деб уларни оқлади.
Чумолилар ҳам огоҳлантирувчига қараб: “Йўқ, сен бизнинг устимиздан бошлиқ бўлмоқчисан. Сенга фақат мартаба, мансаб керак”, дейишдими?! Асло йўқ! Аксинча, унинг гапини олиб, инларига кириб кетишди ва жажжи чумолининг даъватига эргашганлари ҳолда нажотга етиб, жонлари омон қолди.
Ўзи учун уя қуриш жараёнида сабр қилиш ҳам чумолиларнинг хусусиятларидандир. Улар қураётган уялари бир неча маротаба қулаб тушишига қарамасдан, уни қайта-қайта тиклайверадилар ва охир-оқибат бир бутун уя ҳолига келтирадилар.
Ҳикоят. Ривоят қилинишича, Амир Темур жангларнинг бирида мағлубиятга учрайди ва ўша ерга яқин бир ғорга кириб, мағлубияти ҳақида ўйлайди. У чуқур тафаккур қиларкан, кўзи бир чумолига тушади. Чумоли ғор деворига кўтарилмоқчи бўлиб, тушиб кетади. Иккинчи уринишда ҳам девордан сирпаниб тушади. Учинчи сафар ҳам... Амир Темур бу митти жониворни диққат билан кузата бошлайди, ундан кўзини узмайди. Ахийри, ўн еттинчи уринишда чумоли деворга чиқишга муваффақ бўлади. Шунда Амир Темур: “Ё қудратингдан! Шу кичик махлуқ сал кам йигирма марта уринди. Мен нима учун мағлубиятимдан заифлашяпман?!” – дея ўзини койийди.
Буюк қўмондон ғордан чиқиб тор-мор бўлган қўшинини яна жангга тайёрлайди ва битта бўлса-да, тирик одами қолгунича таслим бўлмасликка астойдил қарор қилади. Унинг кўз ўнгида эса митти чумолининг шижоати акс этади.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, чумоли ҳашаротлар орасида энг қатъиятли, ўзаро ҳамкор ва ҳамжихат экан.
Чумолининг яна бир сифати уларнинг ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлигидир. Уларнинг бари бир бўлиб, битта чизиқ тортган ҳолда доимий ҳаракатда бўлар эканлар.
Шу митти чумолининг ҳаракатлари бизларга қайсидир маънода ўрнак бўлиши мумкинми?!
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.