Шу йил 15 апрель куни Нукус шаҳри “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртининг ёзги спорт майдонида мини-футбол бўйича "Қозиёт кубоги" финал ўйини бўлиб ўтди.
Жамоалар ўртасида бўлиб ўтган финал ўйини уюшқоқлик билан қизғин ўтди. Унда Нукус шаҳри "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" ўрта махсус ислом билим юртининг "Дўстлик" жамоаси 1-ўрин соҳиби бўлди.
Тахтакўпир ва Қораўзак туманларидан тузилган "Даўқара" жамоаси 2-ўрин, Нукус шаҳри диний хизматчиларидан тузилган "Орол" жамоаси 3-ўрин ғолиби бўлди.
Маълумот ўрнида мазкур мусобақа давомида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётига қарашли республикадаги масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари ва масжид ходимлари, билим юрти ўқитувчилари ва ходимларидан иборат 12 жамоа иштирок этди.
Мусобақада ғолиб бўлган жамоалар ва яхши ўйин кўрсатган футболчиларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ва "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Якунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Нуразизов ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разовлар мусобақа иштирокчиларини ғалабалари билан табриклаб, келгуси ишларида муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Бугун, 30 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида "Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Давлатимиз раҳбарининг Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида илгари сурган ташаббуси доирасида улуғ аждодимизнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, бу меросни замонавий тадқиқот методлари асосида таҳлил қилиш ҳамда унинг умуминсоний ва миллий қадриятлар тизимидаги ўрнини белгилаш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман доирасида Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий ва маърифий ғоялари, уларнинг замонавий маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, алломанинг ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий манбалар, асарларининг бугунги кундаги илмий ва амалий аҳамияти, кубровийлик таълимотининг тарихи ва бугунги ҳолати, шунингдек, ушбу таълимотнинг кейинги тасаввуф мактабларига таъсири кенг муҳокама этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати