Шу йил 16 апрель куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Қатар Давлати вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Таниқли олимни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Академия проректорлари – Ҳабибулло Садибақосев, Олим Астанакулов, Салим Дусанов, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Баҳодир Хўжаев ҳамда "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси катта ўқитувчиси Баҳодир Пирмуҳамедов кутиб олди.
Учрашув аввалида Академия ректори Музаффар Комилов ҳурматли меҳмонларга ташриф учун миннатдорлик билдирди.
Муассасанинг ташкил этилиши тарихи, илмий фаолияти, таълим йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳамда Академия ҳузурида фаолият юритаётган марказлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Академия давлат таълим муассасаси сифатида таъсис этилгани, унда узлуксиз таълим йўлга қўйилгани, диний ва дунёвий фанлар асосида таълим берилишини қайд этди.
Ўз навбатида Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним меҳмондўст ва улуғ алломалар юрти бўлган Ўзбекистонга ташрифидан мамнунлигини, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида диний-маърифий соҳа ривожига қаратилаётган эътибор кун келиб, аждодларига муносиб авлодлар етишишига замин бўлишини алоҳида таъкидлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ўртасидаги дўстона мулоқот, самимий ҳамкорлик тобора кучайиб бораётгани эътироф этилди.
Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-маърифий, илмий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ривожланаётгани таъкидланди.
Самимий мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар "Манбалар хазинаси" бўлимида ҳам бўлиб, у ерда сақланаётган ислом динига оид нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар, "Усмон Мусҳафи" ҳамда "Лангар Қуръони"нинг нусхалари билан танишдилар.
Учрашув якунида делегация аъзолари кўрсатилган илтифот ва юқори даражадаги меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
iiau.uz
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор, хабар бермоқда Batafsil.uz.
Афв этилган 852 нафар шахсдан 604 нафари жазони тўлиқ ўташдан озод қилинади. Яна 115 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади.
52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроқ жазо турига алмаштирилади. 81 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати эса қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам бор.
Президент фармонида афв этишга асос сифатида маҳкумларнинг қилмишига пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани кўрсатилган.
"Ўзбекистон 24" телеканали маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён 31 та афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар жами 10 567 нафар жазо ўтаётган шахсни қамраб олган.
Хусусан, Президент Наврўз ва Рамазон ҳайити арафасида ҳам 392 нафар маҳкумни афв этганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати