Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтган тақдимот ва матбуот анжумани доирасида Марказ ҳамда Имом Термизий номидаги ислом институти ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум икки илмий-маърифий муассаса ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабаларни Ислом илмлари ва термизий алломаларнинг илмий мероси асосида таълим-тарбия бериш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ўтказишни назарда тутади.
Шунингдек, тадбирда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ислом институтига марказда нашр этилган нодир китоб ва илмий рисолалар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати