frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ватан ҳимояси – шарафли масъулият!

14.01.2024   5102   4 min.
Ватан ҳимояси – шарафли масъулият!

Тараққиётимизнинг янги босқичида жонажон юртимиз нурафшон бўлди. Бу олий неъмат заминимизни, оиламизни, ҳаётимизни нурга тўлдирди. Бундай бахт-саодатнинг давомли бўлишини чин дилдан тилаймиз. Дилимизда ҳам, қалбимизда ҳам шукрона келтирамиз. Шундай улкан моддий ва маънавий бойликни қадрлай билиш, Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчи эканлигини дилдан хис қиламиз.

Тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямиз алоҳида аҳамиятга эга. Юртбошимиз раҳбарлиги остида мамлакатимизда тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган, жангавор тайёргарликка эга миллий армиямизни барчамиз учун шон-шуҳрат деб биламиз.

Юртимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунидир. Бу байрамни тинчлик хотиржамлик ва осойишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юртимизда анъанага айланган. Байрамни кенг нишонланиши замирида теран маъно мужассам. Зеро, она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду хуррамлик сиғади, тоат-ибодатлар омонликда адо этилади, байрамлар ярашади, ҳаётимизнинг ободлиги давом этади.

Таъкидлаш жоизки, осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгиси, ота-оналаримизнинг фаровон умр кечириши юртимиздаги барқарорлик – тинчлик туфайлидир. Тинчликнинг қадрига етиб яшаш керак. Шу азиз Ватан барчамизники экан, уни асраб-авайлаб ҳам барчамизнинг чин фарзандлик бурчимиздир. Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговор руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ муҳаббати мустаҳкам жой олган, шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом; “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, Ватан химоясида фақат харбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фукаролар- укитувчи ёки шифокор буладими, тадбиркор ёхуд хизматчи буладими, қаерда бўлмасин уз ватанини химоя килиш керак. Химоя килиш деганда факат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, Ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йуллари билан инсон уз юртини, миллатини,халқини химоя қилиши зарур! Бу хам иймоний бурчга киради.

Аммо, ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз корачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-этиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши, улкан ажрларга эга бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: “Молини, жонини, динини ва ахлу аёлини химоя қилиш йулида халок бўлган киши шахидлик мақомини топур”. Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилган савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам ҳудди шундай ажру савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда булади”.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, Ватанини ҳимоя қилганликларини тарих варақларида зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган хазрат Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзоларнинг ибратли ҳаётлари беихтиёр кўз олдимизга келиши бежиз эмас.

Айни шундай халқимизнинг ҳозирги кундаги ватанпарварлари деб Ватан ҳимоячиларини айтиш мумкин. Уларнинг хизмати, шижоати ва жанговор руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ муҳаббати маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Тинчлик-осойишталигимизни бор куч-қувватлари билан асраб авайламоқдалар. Биз ҳам уларнинг хайрли фаолиятларида ғайрат, шижоат, оилавий бахт-саодат тилаймиз.

 

Мусохон АББАСИДДИНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бир ҳадис, бир насиҳат ва бир умрлик ибрат

09.09.2026   32933   2 min.
Бир ҳадис, бир насиҳат ва бир умрлик ибрат

Ҳаёт йўлларида юрар эканмиз, турли характердаги инсонларга дуч келамиз. Айниқса, катта йўллар, тиғиз ҳаракат ва машина рули ортидаги муҳит ҳайдовчидан нафақат чаққонликни, балки мустаҳкам асаб ва юксак сабр-тоқатни ҳам талаб қилади.

Йўлдаги синов ва биргина ҳадис
Олтмиш ёшларга бориб қолган, бироз жаҳлдор бўлса-да, дилкаш, кўнгли аскияга мойил қадрдон танишларимдан бири ҳайдовчилик касби ортидан умр ўтказиб келмоқда. Кўпчиликнинг оғирини енгил қилиб келаётган бу инсоннинг исми Собир. Аммо исмига монанд сабри сал камроқ.
Кунларнинг бирида унинг машинасида кетарканман, кутилмаганда йўлдаги бошқа ҳайдовчининг бепарволиги сабаб Собир ака сўкиниб юборди. Ғазаби бироз босилгач, унга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғазабнинг ёмон оқибатлари ҳақидаги муборак ҳадисларидан бирини секингина эслатиб ўтдим. Ўша пайтда у киши ҳеч қандай муносабат билдирмади: эҳтимол, ҳали жаҳлдан тўлиқ тушмагандир. Манзилга етиб, одатдагидай самимий хайрлашдик.
Орадан вақт ўтиб кўришганимизда Собир ака ўтган воқеани илиқлик билан эслади. Ҳайдовчига айтган сўзларидан кейин қаттиқ эзилганини, мен эслатган ҳадис унинг учун катта ибрат бўлганини яширмади. Ҳозир ҳам ғазаби тошганда ўша суҳбат эсига тушиб, ўзини дарҳол қўлга олишини айтади. Ўзидан анча ёши кичик инсонни омма олдида “устоз” деб иззатлаши, айтилган биргина насиҳатдан етарли хулоса чиқара олгани унинг нақадар соф ва олийжаноб қалб эгаси эканини кўрсатади.

Ҳиссиёт жиловидаги ҳақиқатлар
“Ғазаб умри калта ақлсизликдир”. Буюк алломалар бежиз бундай демаганлар. Ҳаётимизда тилга ва қўлга эрк бермаслик, ҳиссиётларни жиловлай олмаслик оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетгани, яқин қариндош-уруғлар ва қадрдон дўстларнинг ораси узилиб қолгани аччиқ ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, менга бир насиҳат қилинг”, деган саҳобаларга У зот қисқа ва лўнда қилиб: “Ғазабланма”, деб жавоб берганлар.
Бу бежиз эмас, чунки ғазаб инсоннинг ақл-идрокини ўғирлайди, обрўсига путур етказади ва кейинчалик тузатиб бўлмас хатоларга етаклайди.
Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонлигимизни, ақл ва тафаккур соҳиби эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Қачонки, жаҳлимиз чиқса, ақлимиз қочмаслиги керак. Сўнгги пушаймондан кўра, лаҳзалик жаҳлни ичга ютиб, сокинликни сақлаш ҳар доим яхшироқ натижа беради. Унутманг, тинчлик ва хотиржамлик – энг буюк бойликдир.

Муаллиф: Анвар Эрмаматов, "Зарафшон" нашри.

Ибратли ҳикоялар