Инсоният тарихида ўз ўрнига эга бўлган буюк алломаларимиздан бири Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Ул сиймо фақат бир замоннинг эмас, балки барча замонларнинг долзарб ва муҳим масалаларига асосли ҳамда қатъий жавобларни бера олган мутафаккир олим.
У зотнинг дунё илм-фанига, айниқса, ақида илмига қўшган ҳиссаси, ақл ва нақлни уйғунлаштиришдаги ўрни ҳақида замондошлари ҳамда муҳаққиқ олимлар томонидан юксак баҳолар берилган.
Кўпчилик «Абу Мансур» нисбасини эшитганда, у зотнинг ўғли «Мансур» бўлганми, деган саволга тўхталади. Лекин манбаларда Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг «Мансур» исмли ўғли бўлгани айтилмаган. Аммо тадқиқотчилар манбаларга таяниб, у зотнинг қизи бўлганини таъкидлаган. Лекин Имом Мотуридий ўз тафсирида ўғил фарзандли бўлишни орзу қилганини ва уни «Мансур» деб номлашини айтиб ўтган. Бу ҳақда «Таъвилот ал-Қуръон»да шундай дейилади: «Абу Мансур» деб, унга «Мансур» исмли ўғил туғилиши умидида ишлатилади».
Бу орзу амалга ошган ёки йўқлиги ҳақида тарихий маълумот учрамайди. Қайд этилган жумла Имом Мотуридийнинг шахсий ҳаётидаги содда бир орзуни кўрсатса-да, унинг туйғулари қанчалик самимий эканини билдиради.
Имом Мотуридийнинг илмдаги даражаси ҳақида у зотнинг шогирдлари ва издошларидан етишиб чиққан етук олимлар юксак баҳолар берган. «Сайфул-ҳақ» (Ҳақиқат қиличи) деган шарафли унвонга сазовор бўлган олим Абу Муин Насафийнинг таъкидлашича: «Агар аҳли сунна олимлари орасида фақат Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи бўлганида ҳам, етарли бўлар эди». Бу таъриф Имом Мотуридийнинг аҳли сунна ва жамоа асосини барпо этишдаги ўрнини ёрқин намоён қилади.
Ундан ташқари, Абу Муин Насафий Имом Мотуридийга: «Илм уммонига шўнғиб, ундаги ноёб дурларни қўлга киритишга муваффақ бўлган, диннинг ҳужжат-далилларини баён этиб, уларни ўз фасоҳати, чуқур илми ва юксак ақл-заковати билан сайқаллаштирган олим», деган таърифни берган.
Устози Абу Наср Иёзийнинг у зотга нисбатан ҳурмати ва эътирофи ҳам жуда таъсирли. У дарс мажлисларида Мотуридий ҳозир бўлмагунча гапирмас эди. Ҳар гал уни узоқдан кўриб, ҳайрат билан назар ташлар ва Қуръони каримдан қуйидаги оятни тилга оларди: «Парвардигоринг хоҳлаганини яратади ва ихтиёр этади» (Қасос сураси 68-оят).
Абдулҳай Лакнавий «ал-Фавоидул-баҳия» асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.
Айрим манбаларда Имом Мотуридий тариқат шайхлари томонидан ҳам умматни тўғри йўлга йўлловчи шахс сифатида эътироф этилгани айтилади. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний Имом Мотуридийнинг тасаввуфдаги устозларидан бири бўлган.
Замонавий мотуридийшунос олимлардан Аҳмад Саъд Даманҳурий ўзининг Имом Мотуридийга бағишлаб ёзган асарида шундай дейди: «Имом Мотуридий фиқҳ, илм, тақво, дину диёнат, фазилат ва яхшиликда пешқадам бўлиб, у билан ҳамфикр ёки унга қарши бўлганларнинг барчаси унинг беназир олим эканини эътироф этган. У суннатнинг кескир қиличи, бидъат ва гумроҳликка қарши курашган аллома бўлган. Ул зот кўплаб китоблар ёзиб, ислом динини ҳимоя қилган, унга қарши чиққанларни мағлуб этган».
Мотуридийшунос олим Сўнмас Қутлуғ эса шундай дейди: «Имом Мотуридий Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг улуғ инъом, бебаҳо туҳфадир».
Айримлар «Китоб ат-тавҳид»нинг кириш қисмидаги ақлий далилларга қараб, у зот фақат ақлга таянган деб хулоса қилади. Лекин Яратувчининг мавжудлигини инкор қилаётган инсонга ўша мавжудликни ақл орқали исботлаш табиий ва зарурий услубдир. Имом Мотуридий нақлни четлатмаган, балки уни ўз ўрнида ишлатган. Аксинча, Имом Мотуридий илмда нақл ва ақлни мукаммал тарзда уйғунлаштира олган олим эди. У зот ўзининг соғлом эътиқодга бағишлаб ёзган «Китоб ат-Тавҳид» асарида Қуръони каримнинг 77 та сурасининг, 350 та оятидан фойдаланган. Бу эса Мотуридийнинг ақида масаласида нақлга нақадар эътибор қилганини кўрсатади. Турк олими Бакр Тўпол ушбу кўрсаткичларни таҳлил қилиб, ҳатто Имом Мотуридийнинг ишора қилиб кетган оятларини ҳам келтирган ва бу сон янада юқори чиққанини таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилингани, албатта, бутун дунё мотуридийшуносларини чексиз қувонтирди. Бу эса ҳар бир инсоннинг қалбида фахр ва шодлик туйғусини уйғотмай қолмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Абу Мансур Мотуридий – ислом ақидасини ҳимоя қилган, аҳли сунна вал-жамоа таълимотининг илмий асосларини тизимлаштириб, мустаҳкамлаган буюк олимдир. У ўз асарлари ва илмий баҳслари орқали турли бидъатчи тоифаларнинг нотўғри ақидаларини рад этган. Имом Мотуридий фақатгина раддия берувчи эмас, балки ақидавий масалаларга ақл ва нақл асосида ечим топа билган буюк шахсият эди.
Ихтиёр Абдураҳмонов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: uza.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мағрурлик
Билингки, ким ўз нафсининг пасткашликларини англаб етса, оламда ўзидан бошқа ёмонроқ, нафратга муносиброқ кишини кўрмайди. Одам фарзанди учун ўзининг туб моҳиятини англашдан ҳам муҳимроқ мажбурият йўқ. Шундай экан, инсон ўзидан қаноатланмаслиги, ўз нафсидан мамнун бўлмаслиги зарур. У ўзини қанчалик чуқур англаб борса, маънавий ҳоли шунча яхшиланиб, Аллоҳ ҳузуридаги даражаси кўтарилиб боради.
Нафснинг тарбияси энг аввало, ёмон сифатларни тарк этиб, мақталган, яхши хислатларга ўтиш йўли билан амалга ошади. Барча ёмон сифатларнинг илдизи эса мағрурлик (ужб)дадир[1].
Демак, биринчи навбатда инсон гўзал фазилатларни эгаллашига тўсқинлик қилувчи ғурурини тарк этиши зарур! Шунинг учун ҳам мақталган сифатларни қўлга киритишнинг асосий шарти – бу ужбдан холи бўлишликдир! Ким ўзи ҳақида юксак фикрда бўлмаса, ундай одам ўз нафсини поклашга, гўзал одобларни ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Ахир камолотга интилиш ва камчиликларни йўқотиш инсон табиатига хос эмасми?
Инсон ўзига юксак баҳо бериш туйғусидан фориғ бўлганида мақталган сифатларни ўзлаштира бошлайди. Нуқсонларини англаб, ўзида ғурур ва манманликни туймайди. Бундай ҳолда у камолот сари даъват этилса, ҳақиқий иштиёқ билан, самимий интилади. Илоҳий эслатмалар таъсири ва ўзининг табиий моҳияти сабабли у белгиланган камолотга етишгунига қадар ахлоқий ўнгланишда давом этади.
Маълумки, нафснинг фалокатларидан бири мақтовлардан лаззатланишга мойилликдир. Зеро, ўз нафсидан мамнун бўлиш ва ўзига бино қўйиш Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ҳолатлардир.
Ибн Атоуллоҳ қуддиса сирруҳудан сўрашди:
– Аллоҳнинг ғазабини ҳамма нарсадан кўра тезроқ келтирадиган нарса нима?
У зот жавоб бердилар:
– Ўзига ва ўзининг руҳий ҳолига юксак баҳо беришлик. Бундан–да ёмонроғи эса бажарган амали учун Аллоҳдан мукофот талабида бўлмоқлик.
Нафсларининг камчиликларини фақат ўзларини ўзлари назорат остига олган кимсаларгина пайқайдилар. Аллоҳга қасамки, Яратганнинг бандасига қилган яхшиликларининг янг яхшиси нафсининг пасткашликларини ўзига кўрсатиб қўйганидир ҳамда кўрсатган қаҳрининг энг шиддатлиси нафсининг разолатини ўзидан беркитиб қўйганидир.
Ахир, қандай қилиб ақлли инсон ўз нафсидан ўзи мамнун бўлишлиги мумкин? Барча яхшиларнинг ҳаммаларидан яхшилари бўлган ҳазрати Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим Халилуллоҳ алайҳимуссаломнинг сўзларига бир эътибор беринг:
“Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат Раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Албатта, Раббим кечиримли ва раҳмли зотдир” (Юсуф сураси, 53-оят).
Тафсирчилар марҳамат қиладилар:
“Бу – “Нафсимни ўз-ўзича ёмонликдан пок деб ҳисобламайман, яъни мен нафсимнинг табиий моҳиятига асосан баҳосини орттирмайман, балки бутунлай ва мутлақо Аллоҳнинг мададига ишонаман”, деганидир.
“Чунки нафс” дейилганда эса барча нафслар тушунилади, жумладан, Юсуф алайҳиссаломнинг нафслари ҳам. Яна нафс табиатига кўра “барча ёмонликларга буюргувчидир”, деб сифатланган. Бу – исёнга, саркашликка ва ярамас иш-ҳаракатларга чақиради, деганидир”.
Нафс турли тақиқланган ишларга мойил ҳолда ўзининг фойдасиз ва беҳуда истакларини ҳаммасидан кўп маъқул кўриб, улардан лаззатланади. Агар шундай бўлмаганида кўпчилик одамларнинг нафси ўз ҳою ҳавасларига итоат этмас, ўз худбинликларига чап берган бўлар ва натижада улардан ҳам ёмонлик етмасди. Шунинг учун ҳам одам боласининг ҳаммадан ақллиси ва Аллоҳ ҳузуридаги қадрлиси деб ўз нафсининг камчиликларини яхшироқ кўра оладигани айтилади. Кимки ўз нафсининг камчиликларини давомли равишда кузата олса, янада кўпроқ ҳушёр тортиб, нафсини айблайди ва ўзи ҳақидаги юксак фикрларга зарба бериб, уларни ҳайдайди.
“Ат-Тавилот ан-нажмийя” китобида шундай дейилади:
“Нафс ўз табиатига кўра ёмонлик қилишга буюрувчи қилиб яратилгандир. Агар унга эрк берилса, ундан фақат ахмоқона ишларни кутиш мумкин, чунки у фақат ёмонлик содир этиш учунгина амр этади. Қачонки Аллоҳ унга раҳм қилиб, марҳамат назари билан қараса, унинг барча хулқини ўзгартиради, Аллоҳнинг меҳрибонлиги билан нафс бутунлай ёмонликларини тарк этиб, яхши томонга ўзгаради. Энди у ёмонликка буюрувчи эмас, балки яхшиликка амр қилувчи бўлади. Яъни нафсдаги ёвузлик эзгуликка алмашади. Шунинг учун ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Парвардигоро, мени кўз очиб юмгунча бўлса ҳам нафсим билан танҳо ташлаб қўйма!” (Аҳмад ибн Ҳанбал, V, 42; Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда ҳам шу маънода келади, Ибн Нажжор) деб Аллоҳга ёлвордилар.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Ужб – ўзи ҳақида жуда баланд фикрда бўлиш, ўзига юксак баҳор бериш, ўзи билан фахрланиш, ўзига ишониш, мағрурланиш, талтайиб кетиш ва ҳоказо.