Инсоният тарихида ўз ўрнига эга бўлган буюк алломаларимиздан бири Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Ул сиймо фақат бир замоннинг эмас, балки барча замонларнинг долзарб ва муҳим масалаларига асосли ҳамда қатъий жавобларни бера олган мутафаккир олим.
У зотнинг дунё илм-фанига, айниқса, ақида илмига қўшган ҳиссаси, ақл ва нақлни уйғунлаштиришдаги ўрни ҳақида замондошлари ҳамда муҳаққиқ олимлар томонидан юксак баҳолар берилган.
Кўпчилик «Абу Мансур» нисбасини эшитганда, у зотнинг ўғли «Мансур» бўлганми, деган саволга тўхталади. Лекин манбаларда Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг «Мансур» исмли ўғли бўлгани айтилмаган. Аммо тадқиқотчилар манбаларга таяниб, у зотнинг қизи бўлганини таъкидлаган. Лекин Имом Мотуридий ўз тафсирида ўғил фарзандли бўлишни орзу қилганини ва уни «Мансур» деб номлашини айтиб ўтган. Бу ҳақда «Таъвилот ал-Қуръон»да шундай дейилади: «Абу Мансур» деб, унга «Мансур» исмли ўғил туғилиши умидида ишлатилади».
Бу орзу амалга ошган ёки йўқлиги ҳақида тарихий маълумот учрамайди. Қайд этилган жумла Имом Мотуридийнинг шахсий ҳаётидаги содда бир орзуни кўрсатса-да, унинг туйғулари қанчалик самимий эканини билдиради.
Имом Мотуридийнинг илмдаги даражаси ҳақида у зотнинг шогирдлари ва издошларидан етишиб чиққан етук олимлар юксак баҳолар берган. «Сайфул-ҳақ» (Ҳақиқат қиличи) деган шарафли унвонга сазовор бўлган олим Абу Муин Насафийнинг таъкидлашича: «Агар аҳли сунна олимлари орасида фақат Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи бўлганида ҳам, етарли бўлар эди». Бу таъриф Имом Мотуридийнинг аҳли сунна ва жамоа асосини барпо этишдаги ўрнини ёрқин намоён қилади.
Ундан ташқари, Абу Муин Насафий Имом Мотуридийга: «Илм уммонига шўнғиб, ундаги ноёб дурларни қўлга киритишга муваффақ бўлган, диннинг ҳужжат-далилларини баён этиб, уларни ўз фасоҳати, чуқур илми ва юксак ақл-заковати билан сайқаллаштирган олим», деган таърифни берган.
Устози Абу Наср Иёзийнинг у зотга нисбатан ҳурмати ва эътирофи ҳам жуда таъсирли. У дарс мажлисларида Мотуридий ҳозир бўлмагунча гапирмас эди. Ҳар гал уни узоқдан кўриб, ҳайрат билан назар ташлар ва Қуръони каримдан қуйидаги оятни тилга оларди: «Парвардигоринг хоҳлаганини яратади ва ихтиёр этади» (Қасос сураси 68-оят).
Абдулҳай Лакнавий «ал-Фавоидул-баҳия» асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.
Айрим манбаларда Имом Мотуридий тариқат шайхлари томонидан ҳам умматни тўғри йўлга йўлловчи шахс сифатида эътироф этилгани айтилади. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний Имом Мотуридийнинг тасаввуфдаги устозларидан бири бўлган.
Замонавий мотуридийшунос олимлардан Аҳмад Саъд Даманҳурий ўзининг Имом Мотуридийга бағишлаб ёзган асарида шундай дейди: «Имом Мотуридий фиқҳ, илм, тақво, дину диёнат, фазилат ва яхшиликда пешқадам бўлиб, у билан ҳамфикр ёки унга қарши бўлганларнинг барчаси унинг беназир олим эканини эътироф этган. У суннатнинг кескир қиличи, бидъат ва гумроҳликка қарши курашган аллома бўлган. Ул зот кўплаб китоблар ёзиб, ислом динини ҳимоя қилган, унга қарши чиққанларни мағлуб этган».
Мотуридийшунос олим Сўнмас Қутлуғ эса шундай дейди: «Имом Мотуридий Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг улуғ инъом, бебаҳо туҳфадир».
Айримлар «Китоб ат-тавҳид»нинг кириш қисмидаги ақлий далилларга қараб, у зот фақат ақлга таянган деб хулоса қилади. Лекин Яратувчининг мавжудлигини инкор қилаётган инсонга ўша мавжудликни ақл орқали исботлаш табиий ва зарурий услубдир. Имом Мотуридий нақлни четлатмаган, балки уни ўз ўрнида ишлатган. Аксинча, Имом Мотуридий илмда нақл ва ақлни мукаммал тарзда уйғунлаштира олган олим эди. У зот ўзининг соғлом эътиқодга бағишлаб ёзган «Китоб ат-Тавҳид» асарида Қуръони каримнинг 77 та сурасининг, 350 та оятидан фойдаланган. Бу эса Мотуридийнинг ақида масаласида нақлга нақадар эътибор қилганини кўрсатади. Турк олими Бакр Тўпол ушбу кўрсаткичларни таҳлил қилиб, ҳатто Имом Мотуридийнинг ишора қилиб кетган оятларини ҳам келтирган ва бу сон янада юқори чиққанини таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилингани, албатта, бутун дунё мотуридийшуносларини чексиз қувонтирди. Бу эса ҳар бир инсоннинг қалбида фахр ва шодлик туйғусини уйғотмай қолмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Абу Мансур Мотуридий – ислом ақидасини ҳимоя қилган, аҳли сунна вал-жамоа таълимотининг илмий асосларини тизимлаштириб, мустаҳкамлаган буюк олимдир. У ўз асарлари ва илмий баҳслари орқали турли бидъатчи тоифаларнинг нотўғри ақидаларини рад этган. Имом Мотуридий фақатгина раддия берувчи эмас, балки ақидавий масалаларга ақл ва нақл асосида ечим топа билган буюк шахсият эди.
Ихтиёр Абдураҳмонов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: uza.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Уйга кирганингизда болаларингизга салом бериб, пешоналаридан ўпинг. Бу уларда меҳр ва раҳм-шафқат туйғусини ривожлантиришга ёрдам беради.
2. Кўча-куйда қўни-қўшнилар, йўлда ҳайдовчилар билан фақат яхши муомалада бўлинг. Фарзандларингиз ҳамма нарсани диққат билан кузатадилар. Эшитганларини тезда ўзлаштирадилар ва кейин сизга тақлид қиладилар.
3. Ота-онангизга қўнғироқ қилганингизда, фарзандларингизни ҳам шундай қилишга унданг. Ота-онангизни зиёрат қилганингизда, болаларингизни ўзингиз билан олиб боринг. Ота-онангизга ғамхўрлик қилаётганингизни қанчалик кўп кўрсалар, шунчалик кўп сизга ғамхўрлик қилишни ўрганадилар.
4. Машинангизда фарзандларингизни мактабга ёки бирор жойга олиб борар экансиз, уларга ривоят, ҳикоялар айтиб беринг.
5. Ҳар куни битта қисқа ҳадис ўқиб беришга одатланинг. Бу кўп вақт талаб қилмайди, лекин кучли ришталар ва ажойиб хотиралар яратишга катта таъсир қилади.
6. Сочингизни таранг, тишларингизни ювинг ва кийимларингизни энг яхшисини кийинг, ҳатто уйда бўлсангиз ва кун давомида кўчага чиқмасангиз ҳам. Фарзандларингиз тоза ва озода бўлишнинг ташқарига чиқишга алоқаси йўқлигини билишлари керак!
7. Фарзандингизнинг ҳар бир сўзи ёки хатти-ҳаракати учун айбламасликка ва танбеҳ бермасликка ҳаракат қилинг. Баъзан эътибор бермасликни ва ортга ташлашни ўрганинг. Бу уларнинг ўзига бўлган ишончини оширади.
8. Болаларингизнинг хонасига киришдан олдин рухсат сўранг. Бу орқали улар бировнинг хонасига кирмоқчи бўлганларида ҳам худди шундай қилишни ўрганадилар.
9. Агар хато қилган бўлсангиз, фарзандларингиздан кечирим сўранг. Кечирим сўраш уларни камтар ва мулойим бўлишга ўргатади.
10. Уларнинг қараш ёки ҳис-туйғуларини масхара қилманг, ҳатто “ҳазиллашаётган бўлсангиз ҳам”. Бу уларга жуда оғир ботади.
11. Фарзандларингизнинг шахсий ҳаётига ҳурмат кўрсатинг. Бу уларнинг қадр-қиммати ва ўз-ўзини қадрлаши учун муҳимдир.
12. Айтган ҳар бир гапингизни биттада тушунишларини кутманг ва буни талаб ҳам қилманг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бундай қилмаганлар. Аммо сабрли ва бардавом бўлинг.
Муҳтарам ота-оналар! Фарзандингиз тарбияси учун жавоб эканингизни унутманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз чўпонсиз ва ҳар бирингиз сурувга масъулсиз (жавобгарсиз)”, деганлар.
Чўпон боқаётган молларига масъул бўлганидек, ҳар бир оила бошлиғи аҳли оиласи учун масъул ва жавобгардир.
Аллоҳ таоло фарзандларимизни ҳидоят йўлида собитқадам қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД