Жорий йил 13-23 апрель кунлари Иордания вақфлар, Исломий ишлар ва Муқаддас зиёратгоҳлар вазирлиги подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Воизлар тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида навбатдаги ўқув бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази масъул ходими Ёрқин домла Жумабаев иштирок этмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Аммон мурожаатномасининг мазмуни 200 дан ортиқ мусулмон уламолар ҳамда 50 дан ортиқ мамлакатдан келган баёнотлар билан умумийлаштирилди.
Мурожаатномада инсонлар орасидаги ўзаро ҳурмат ва тинчликни сақлаш муҳимлигига эътибор қаратилган. Бу ҳужжат исломда муроса ва бирликка чақирувчи муҳим қадам бўлиб, мусулмонлар орасида ўзаро ҳурмат ва ёрдамни таъминлаш учун ишлатилган ғоялардан бири ҳисобланади. Ушбу 2025 йилги малака ошириш курси 46-давра ҳисобланади.
Маълумот ўрнида Аммон мурожаатномаси 2004 йил 9 ноябрда (Рамазон) Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II томонидан Ислом дунёсида яхшилик, ўзаро ҳурмат ва бирликни таъкидлаб эълон қилинган. Ҳар йили "Аммон мурожаатномаси" ва унинг мазмунини етказиш бўйича воизлар малакасини ошириш курслари ташкил этиб келинади.
Ўтган йилларда ўтказилган малака ошириш курсларида мусулмон дунёсининг 20 дан ортиқ давлатдан вакиллар иштирок этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва "такбири таҳрима" айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган:
Воил ибн Ҳужр розияллоху анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар" (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Уйчи туман "Хизиробод" жоме масжиди
имом-хатиби Шерзод Раҳимов
Манба: t.me/softalimotlar