100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА
ёхуд
ОДАМЛАР БИЛАН
МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ
100 та “СЕҲРЛИ СЎЗ”
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(3-қисм)
ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИДАН:
è Ўзингга раво кўрмаганни
Ўзгага ҳам раво кўрма!
è Ширин-ширин сўзласанг,
Илон инидан чиқар.
Аччиқ-аччиқ сўзласанг,
Мусулмон динидан чиқар.
è Кишининг кўнглини оғритма зинҳор –
Сенинг ҳам кўнглингни оғритувчилар бор!
è Анжом – уй зийнати,
Сўз – инсон зийнати.
è Кўнгилни қўл билан овламасанг,
Тил билан овла!
è Буғдой нонинг бўлмасин,
Буғдой сўзинг бўлсин!
è Пулинг бўлмаса, бўлмасин,
Ширин сўзинг бўлсин!
è Бир яхши гап эсдан чиқмас,
Бир – ёмон гап.
è Оғзига келганни демак — нодоннинг иши,
Олдига келганни емак — ҳайвоннинг иши.
è Аччиқ савол бериб,
Ширин жавоб кутма.
è Аччиқ тил – заҳри илон,
Чучук тилга – жон қурбон.
è Айтар сўзни айт,
Айтмас сўздан қайт!
è Тузсиз ошнинг эпи осон,
Тузсиз гапнинг эпи қийин.
è Айтилган сўз – отилган ўқ.
è Ариқни сув бузар,
Одамни – сўз.
è Беморга ширин сўз керак,
Ақлсизга – кўз.
è Бир таваккал бузади
Минг қайғунинг қалъасин.
Бир ширин сўз битказар
Минг кўнгилнинг ярасин.
è Гап эгасини топади.
è Гапи тўмтоқнинг ўзи тўмтоқ.
Гапи тўнгнинг ўзи тўнг.
è Дунёни ел бузар,
Одамни – сўз.
è Дуо билан эл кўкарар,
Ёмғир билан ер кўкарар.
è Дуо олган – омондир,
Қарғиш олган – ёмондир.
è Ёмон гап ер тагида уч йил ётар.
è Ёмон сўзнинг қаноти бор.
è Ёмон сўз эгасига қайтар.
è Ёмон тил ё жонга урар,
Ё – имонга.
è Ёмоннинг юзи қурсин,
Гапирган сўзи қурсин.
è Заҳар тил суякни ёрар.
è Илиқ сўз – шакар,
Совуқ сўз – заҳар.
è Йўл қувган хазинага йўлиқар,
Сўз қувган – балога.
è Кишининг ўзи етмаган ерга сўзи етар.
è Куч эгмаганни сўз эгар.
è Кўп гап – эшакка юк.
è Овқатни туз мазали қилар,
Одамни – сўз.
è Одам сўзи билан синалар,
Ош – тузи билан.
è Одам сўзлашиб танишар,
Ҳайвон – ҳидлашиб.
è Оз гапир – соз гапир!
è Олим сўзи оз,
Оз бўлса ҳам – соз.
è Сабр қилган мой ошар,
Олқиш олган кўп яшар.
è Севдирган ҳам тил,
Бездирган ҳам тил...
è Сел ариқни бузар,
Ёмон сўз – дилни.
è “Сен” ҳам бир оғиздан,
“Сиз” ҳам...
è Суйдирган ҳам тил,
Куйдирган ҳам тил.
è Суяксиз тил суяк синдирар.
è Сўз найзадан ўткир.
è Сўз оёқдан илгари борар.
è Сўз – чумчуқ эмас,
Оғиздан чиқса, тутиб бўлмас.
è Сўздан сўзни фарқи бор,
Ўттиз икки нархи бор.
è Сўзи нодурустнинг ўзи нодуруст.
è Сўзлагандан сўзламаган яхшироқ,
Сўзлаб эдим – бошимга тегди таёқ.
è Сўзнинг бойлиги – одамнинг чиройлиги.
è Танбаллик – кулфат,
Маҳмаданалик – офат.
è Тил – ақл безаги.
è Тил – ақл тарозуси.
è Тил – ақл ўлчови.
è Тил бор – бол келтирар,
Тил бор – бало келтирар.
è Тил – дил калити.
è Тил – дил таржимони.
è Тил тиғи қилич тиғидан ўткир.
è Тил югуриги – бошга,
Оёқ югуриги – ошга.
è Тил яхшиси бор этар,
Тил ёмони хор этар.
è Тил тиғдан ўткир.
è Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз.
è Тилга эътибор – элга эътибор.
è Тилга эҳтиёт – элга эҳтиёт.
è Тили нопок – ўзи нопок.
è Тили шириннинг дўсти кўп.
è Тилни боғла дил билан,
Дилни боғла тил билан.
è Тиғ жароҳати битар,
Тил жароҳати битмас.
è Туя ҳам муомалага чўкар.
è Тўқсон оғиз сўзнинг тўқсонта тугуни бор.
è Узун тил – бошга тўқмоқ,
Бўйинга – сиртмоқ.
è Узун тил – умр заволи.
è Фил кўтармаганни тил кўтарар.
è Шакар ҳам тилда,
Заҳар ҳам тилда...
è Ширин сўз шакардан ширин.
è Ширин сўз – қаймоқли айрон,
Аччиқ сўз – бўйнига арқон.
è Ширинсўз шоҳ косасида сув ичар.
è Ширин юзингдан ширин сўзинг аъло.
è Эгасиз қарғиш эгасини топар.
è Этиги ёмон тўр булғар,
Оғзи ёмон – эл.
è Яхши гапга қулоқ сол,
Ёмон гапга улоқ сол.
è Яхши гапнинг ҳам қулоғи бор,
Ёмон гапнинг – ҳам...
è Яхши нақл – томири ақл.
è Яхши оғизга – ош,
Ёмон оғизга – тош.
è Яхши сўз болдан ширин.
è Яхши сўз бўлдиради,
Ёмон сўз куйдиради.
è Яхши сўз кулдирар,
Ёмон сўз ўлдирар.
è Яхши сўз – кўнгил подшоси.
è Яхши сўз суюнтирар,
Ёмон сўз куюнтирар.
è Яхши сўз тўрга элтар,
Ёмон сўз – гўрга.
è Яхши сўз – юрак ёғи,
Ёмон сўз – юрак доғи.
è Яхши сўз қанд едирар,
Ёмон сўз панд едирар.
è Яхши сўзга учар қушлар эл бўлар,
Ёмон сўзга пашша кучи фил бўлар.
è Яхши сўздан – вафо,
Ёмон сўздан – вабо.
è Қизил тилим бўлмаса,
Қишлар эдим элимда.
Яшил тилим бўлмаса,
Яйрар эдим элимда.
è Яхшининг сўзи – олтин,
Ёмоннинг сўзи – болта.
è Яхшининг сўзи тошни эритар,
Ёмоннинг сўзи бошни чиритар.
è Ўн оғиз сўз минг оғиз бўлар.
è Ўттиз тишдан чиққан сўз
Ўттиз уруққа тарқалар.
è Ўқ бирни ўлдирар,
Сўз – мингни.
è Ёмонликка яхшилик – эр кишининг ишидир.
Ёмонликка ёмонлик – ҳар кишининг ишидир.
è Қарғишнинг икки учи бўлар.
è Яхши сўзнинг мазасини билмаган
Ёмон сўзнинг иззасини билмас.
è Қулоқдан кирган совуқ сўз
Кўнгилга бориб муз бўлар.
è Гўшт-ёғ берма,
Яхши тил бер!
è Яхши ош бергунча, яхши сўз бер!
è Яхши гап билан илон инидан чиқар,
Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар.
è Дўст орттираман десанг,
Ширин суҳбат қил!
Душман орттираман десанг,
Чақиртикан бўл!
è Қаттиқ гап қариндошга ҳам ёқмас.
è Яхшининг сўзи – қаймоқ,
Ёмоннинг сўзи – тўқмоқ.
è Яхши-яхши деса,
Кунда тариқдай яхшилик қўшилар эмиш.
Ёмон-ёмон деса,
Кунда тариқдай ёмонлик қўшилар эмиш.
è Ўзи совуқнинг – сўзи совуқ.
è Ўзига боқма – сўзига боқ!
è Эгилган бошни қилич кесмас.
è Таом лаззати ўзида,
Одам лаззати – сўзида.
è Ҳар меванинг пўчоғи бор,
Ҳар сўзнинг ўлчови бор.
è Тилингда бўлса болинг –
Кулиб турар иқболинг.
è Ёмон тил бошга бало келтирар.
Яхши тил давлат, дунё келтирар.
è Мазлумлар дилини оғритма бир зум,
Балки бир кун ўзинг бўласан мазлум...
è Гапнинг қисқаси яхши,
Қисқасидан ҳиссаси яхши.
(3 – қисм тугади. Давоми бор...).
Иброҳимжон домла Иномов.
“Лаа илаҳа иллаллоҳ” жаннат калитидир. Ҳар бир калитнинг тишлари бўлганидек, тавҳид калимаси – “Лаа илаҳа иллаллоҳ”нинг ҳам тишлари мавжуд. Улар қуйидагилардир.
1. Илм. Аллоҳ таоло бундай буюради: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
2. Шубҳадан ҳоли бўлган тўлиқ ишонч. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (имонларида) содиқдирлар” (Ҳужурот сураси, 15-оят).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг охирги сўзи “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради», дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).
3. Кибрдан йироқ бўлиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Чунки уларга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейилганда, кибрланган эдилар” (Соффот сураси, 35-оят).
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг Расулидир деб гувоҳлик берса”, Аллоҳ унга дўзахни харом қилади», деганлар (Имом Муслим ривояти).
4. Итоат этиш ва буйсуниш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Роббингизга қайтингиз ва Унга бўйин сунингиз!” (Зумар сураси, 54-оят).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу…”, деб гувоҳлик берса ҳамда жаннат ва дўзахни ҳақ деб билса, Аллоҳ таоло жаннатдаги саккиз эшикнинг хоҳлаганидан киргизади», дедилар.
5. Чин ихлос. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
6. Аллоҳга муҳаббат. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамлар орасида Аллоҳдан ўзга нарсаларни (сохта маъбудаларни) Унга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар ҳам бордир. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир” (Бақара сураси, 165-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у имон таъмини ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД