Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган.
Бу ҳақда 2025 йил 21 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида баён этилган.
Фармонга мувофиқ, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари этиб қуйидаги вазифалар белгиланган:
а) буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш;
б) тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш;
в) нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;
г) тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилиш, сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
Аллоҳ таоло ушбу марказнинг халқимиз илму маърифати ва ёшларимиз таълим-тарбияси йўлидаги фаолиятида улкан муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги томонидан 45-халқаро Қуръон мусобақаси ўтказилмоқда.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон номидан Шукурбек қори Шухратбеков ва Достонбек қори Содиқов қатнашмоқда.
Маълумот ўрнида Шукурбек Шухратбеков “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасининг 3-курс, Достонбек Содиқов “Саййид Муҳийиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртининг 1-курс талабаси саналади.
Аллоҳ таоло икки ҳамюрт қоримизни юзларини ёруғ қилиб, муваффақият ва зафар ато этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати