Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори маслаҳатчиси Ўткир Ҳасанбоевга қайнотаси Эргаш ота Мирзаевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Ўткир Ҳасанбоевнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
MUSLIM.UZ
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ