Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Октябр, 2026   |   3 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:15
Қуёш
06:33
Пешин
12:09
Аср
16:00
Шом
17:48
Хуфтон
19:03
Bismillah
14 Октябр, 2026, 3 Жумадул аввал, 1448

Дорул Арқам

23.04.2025   7756   2 min.
Дорул Арқам

Мушриклар муҳим масалаларини “Дорун Надва” дея аталмиш кенгашларида ҳал қилсалар, илк мусулмонлар кенгашадиган макон “Дорул Арқам” эди. Бу муборак уй Каъбанинг ғарбида, ҳозирги кунда ҳожилар Сафо билан Марва ўртасида ҳаж арконларини амалга оширадиган жуда гавжум жойда жойлашганди. Арқам Бану Махзум қабиласидан бўлган 16 ёшли маккалик йигит эди. Исломни қабул қилган биринчи одамлардан бири бўлган Арқам ўз уйини хурсандчилик билан мусулмонларнинг яширин йиғинлари учун тақдим этган. Уч йил давомида Арқамнинг уйи мусулмонлар учун учрашув жойи бўлиб хизмат қилди. Бу уйда Ҳамза, Аммор, Мусъаб, Суҳайб ва бошқа кўплаб таниқли саҳобалар (розияллоҳу анҳум) шаҳодат калимасини айтганлар.

Ушбу муборак уй ҳазрати Умардек исломнинг забардаст сиймоларидан бирининг ҳидоят топганига гувоҳ бўлган. Ўшанда Арқамнинг уйида суҳбатлашиб ўтирган мусулмонларга: “Уйга Умар ибн Хаттоб қуролланган ҳолда яқинлашиб келяпти”, деган хабар келди. Саҳобалар сергакланишди, ҳазрати Ҳамзанинг қўли беихтиёр қилич дастасига югурди. Умар ибн Хаттоб уйга киргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яқинлашдилар ва: “Эй Хаттоб ўғли, Исломга келсанг бўлмайдими?!” – дедилар. Бунга жавобан Умар шаҳодат калимасини айтиб, исломни қабул қилди.

Шу воқеадан кейин мусулмонлар Маккада эмин-эркин юрадиган бўлдилар. 
Арқам кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага ҳижрат қилган илк мусулмонлардан эди. У ерда у исломий жамият ва давлатни яратишда ва мустаҳкамланишида иштирок этди. Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа жангларнинг қатнашчиси, саводли одам эди. Шу сабабдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири бўлиб, нозил қилинган ваҳийларни ёзган.

Арқам ўғли ва яқинларининг эҳтиёжлари учун вақф қилган, кейинчалик бир неча қўлга ўтган ушбу иморат ўрта асрларда Ҳарамнинг кенгайтирилиши муносабати билан бузилган ва масжидга қўшиб юборилган.

Арқам ибн Абу Арқам ҳижрий 54 ёки 55 йилда 80 ёшида вафот этади. У зот Бадр қатнашчиларининг дунёдан энг охирги кўз юмганидир. Жанозаси ўз васиятига кўра содиқ дўсти Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу томонидан ўқилиб, Бақиъ қабристонига қўйилган.

Ёқуб Умар тайёрлади

Бошқа мақолалар

Польша муфтийси эътирофи: Ўзбекистон ислом цивилизациясининг илмий ва маданий меросини дунёга намоён этмоқда

14.10.2026   13604   1 min.
Польша муфтийси эътирофи: Ўзбекистон ислом цивилизациясининг илмий ва маданий меросини дунёга намоён этмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро илмий-маърифий мулоқот ва ислом цивилизацияси меросини замонавий нуқтаи назардан ўрганиш учун муҳим майдонга айланмоқда. Бу ҳақда Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич Марказга ташрифи чоғида таъкидлади.

Муфтий бошчилигидаги делегация ташриф давомида Марказнинг тарих, илм-фан, маданият ва дин билан боғлиқ бой мероси, шунингдек, унинг халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни билан танишди.

Томаш Мишкевич, Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий:

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарих, илм-фан, маданият ва дин билан боғлиқ улкан меросни ўзида мужассам этган. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами цивилизациясини намоён этади. Марказ фаолияти орқали ислом цивилизациясининг замонавий илмий талқини ва унинг бугунги кун учун аҳамияти очиб берилмоқда.

Бугун Марказ халқаро майдонда, илм-фан ва тарихга бағишланган форумлар, конференциялар ҳамда учрашувлар доирасида муҳим ўрин эгалламоқда. У халқаро илмий мулоқот ва ҳамкорлик учун замонавий майдон яратмоқда. Ушбу Марказнинг ташкил этилгани ва бугун самарали фаолият юритаётгани учун Ўзбекистон Президентига, Ўзбекистон халқига ҳамда бу эзгу ишга ҳисса қўшаётган барча инсонларга миннатдорлик билдираман», — деди Польша муфтийси.

Ташриф якунида Томаш Мишкевич «Фахрий меҳмонлар» китобида ҳам ўз таассуротларини қолдирди. Унда меҳмон Марказнинг диний, маданий ва тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, шундай ёзди:

«Динимиз — Ислом, шунингдек, маданиятимиз ва тарихимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган бундай улуғвор масканга ташриф буюриш мен учун катта шараф ва мамнуният бағишлади».

Шундан сўнг Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбатда Марказнинг халқаро илмий-маърифий майдондаги ўрни ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида меҳмонга эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати