Жумладан, туркиялик мотуридийшунос олим ва мутахассислар ушбу ташаббусни тарихий аҳамиятга эга бўлган муҳим қарор сифатида баҳоламоқдалар. Анқара Йилдирим Боязид университети профессори, доктор Аҳмад Йилдирим томонидан эълон қилинган мақола фикримизнинг ёрқин далили бўла олади. Мақолада юртбошимиз қабул қилган мазкур қарор буюк мутафаккир аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, қайта тиклаш ва уни жаҳон ҳамжамиятига танитиш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилган.
Мақолада Имом Мотуридийнинг ислом тафаккури тарихида тутган ўрни алоҳида таъкидланган. Унда баён этилишича, Имом Мотуридий илмий мероси бугунги глобаллашув даври муаммоларини ҳал этишда муҳим ўрин тутади. Имом Мотуридий ўз даврида нафақат диний, балки фалсафий, ахлоқий ва ижтимоий масалаларни ҳам қамраб олган мукаммал тизимни яратган. Мотуридийлик таълимоти асосан ақл ва ҳикматга таянган ҳолда, инсоннинг ахлоқий масъулиятига урғу қаратади.
Аҳмад Йилдиримнинг таъкидлашича, Имом Мотуридийнинг ҳикматга асосланган тафаккур тизими бугунги кун одами ҳаётдан маъно излаш жараёнида дуч келиши мумкин бўлган муаммоларга ҳам ечим бера олади. Мақолада эътироф этилган сўзлар эътиборга молик: “Имом Мотуридийнинг бугунги кунимиз учун ҳам аҳамиятли бўлган қарашларини янада чуқурроқ ўрганиш, уларни юзага чиқариб, инсоният тараққиётига сафарбар қилиш лозим. Шундан келиб чиққан ҳолда махсус тадқиқотлар зарурлиги айни ҳақиқатдир. Мана шуни англаган ҳолда Ўзбекистонда 2025 йил Имом Мотуридийнинг 1155 йиллигини нишонлаш йили деб эълон қилинди”.
Шунингдек, Аҳмад Йилдирим Ўзбекистон Президентининг “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга ошириладиган ишлар, жумладан, “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўтадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро конференция ўтказиш, талабалар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича мусобақа ва давра суҳбатларини ташкил этиш, мотуридийлик алломалари ҳаёти ва илмий меросига оид хорижий мамлакатларда сақланаётган ноёб қўлёзма ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш ҳамда уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш каби тадбирларни ҳам алоҳида эътироф этган.
Аҳмад Йилдирим ўз мақоласини қуйидагича якунлайди: “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг оқилона раҳбарлиги ҳамда 2025 йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини нишонлашга оид қарори ортидан Мовароуннаҳрда Ислом цивилизацияси тарихини ўзгартирган алломаларнинг аввалги сафида турувчи Имом Мотуридийни хотирлаш ва унинг фикрларини қайта жонлантириш, ёш авлодни адашган мутаассиб оқимлар тузоғига тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, инсониятга бугунги кунда одамлар ўтмишдагидан кўра кўпроқ муҳтож бўлган тинчлик, бағрикенглик ва юксак ишонч маданиятини тақдим этадиган янги Ислом цивилизацияси биносини барпо этиш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилган бўлади”.
ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни Оли Имрон номли сурани ўқиса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари қуёш ботгунча унга салавот айтиб турадилар», – дедилар (Табароний ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бомдод намозида «Алиф лам мим. Танзилу…»ни – Сажда(сураси)ни – ва «Ҳал ата ъалал-инсани»ни қироат қилар эдилар» (Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган).
Ибн Абу Сайф Яманий «Ал-ламъа фи рағоиби явмил жумуъа» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Такосурни ўқийди, иккинчисида Вал асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди». Сўнг охирида ўқиладиган қўшимча дуони ҳам келтирган.
«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан