Шу йил 28 апрель куни Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддинов бошчигида вилоят вакиллиги ходимлари, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ва “Ҳаж – 2024” зиёратчиларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари учун Поп туманидаги “Кичик Хўжабод“ жоме масжидида йиғилиш ўтказилди.
Унда Поп туманида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилиниб, тавсия ва кўрсатмалар берилиб, Ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
1. Имом-хатиб “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга жалб этиш;
2. Имом-хатибнинг масжидни бошқариш фаолиятини яқиндан ўрганиш ва унга кўмак бериш;
3. Имом-хатиб учун намуна тарзида пешин намози вақтида масжидга келганларга долзарб мавзуда маъруза қилиб бериш.
Юқоридаги йўналишлар бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари Поп туманида иш олиб борди.
Шунингдек, Ишчи гуруҳ аъзолари Поп туманидаги масжидлар ҳудудидаги маҳаллий хонадонларга кириб, уларнинг ҳол-аҳволи сўралди. Хусусан, ёшларнинг таълим-тарбияси, муаммолари ўрганилди, таклиф, фикр-мулоҳазалари тингланди ва кексалардан юртимиз ҳаққига дуои ҳайрлар олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Савол: Биз томонларда қаттиқ ёмғир ёғиб, Жума ва икки ҳайит намозларида одамлар ташқарида намоз ўқий олмай, масжид ичига тиқилиб кетади. Суннатни алмашиб ўқиб олишади, аммо фарз намозда бунинг имкони йўқ-ку. Бу ҳолатда қандай йўл тутилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу каби узрли ҳолларда яъни саволда зикр қилинганидек, Жума ва икки ҳайит намозларида орқадагилар олдинги сафдаги намозхонларнинг белларига сажда қилиб, намозни адо этсалар бўлади.
Бунинг кайфияти шундай: Аввалги сафдагилар одатдагидек руку ва сажда қиладилар. Уларнинг орқасидагилар эса, рукуда имкон қадар эгиладилар, сўнг саждада олдинги сафдаги одамларнинг орқа белларига бошларини қўйиб, сажда қиладилар. Фарзни шундай ўқисалар, суннатларни саволда айтилгандек алмашиб ўқиб олаверадилар. Чунки белга сажда қилиш зарурат туфайли жоиз бўлади. Суннат намозни ўқишда эса, бундай зарурат бўлмайди.
Бундан ташқари, бу каби узрли ҳолатларда олдиндаги одамнинг оёқлари устига ёки ўзининг сонига ҳам сажда қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.