Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Муовиянинг даврларида икки одам жанжаллашиб қолди. Жанжал асносида бири бошқасининг тишини уриб синдирди. У синган тишини олиб, Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига борди ва: «Тишнинг қасоси тиш бўлади, шунинг учун қасос олиб беринг», деди.
Ҳазрати Муовия: «Тўғри, сенинг ҳаққинг бор, лекин нима фойда? Сенинг тишинг-ку синиб бўлди. Уникини ҳам синдирайликми? Унинг ўрнига тишингнинг хунини ол, хун эвазига муроса қил», дедилар.
У киши: «Мен айнан ўша тишини синдириб қасос оламан», деди. Муовия розияллоҳу анҳу унга яна қайта тушунтирдилар. Лекин у кўнмади. Ҳазрати Муовия кейин: «Ундоқ бўлса юр, унинг ҳам тишини синдирамиз», дедилар.
Йўлда машҳур саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўтирган эдилар. У зот шундай дедилар: «Биродар! Қара, сен-ку қасос оляпсан. Лекин бу гапни ҳам эшитиб кет. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бировга азият етказса ва азият етган кимса уни кечириб юборса, Аллоҳ таоло уни афвга энг кўп муҳтож бўладиган кунда (яъни охиратда) афв қилади», деганларини эшитганман».
Боягина ғазабга миниб, хун ҳақи олишга ҳеч рози бўлмай турган одам ушбу ҳадисни эшитгач: «Сиз бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганмисиз?» деб сўради. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Ҳа, эшитганман, менинг мана шу қулоқларим эшитган», дедилар.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан