Куни кеча С.Мирзиёева ҳамда Мусулмон донишмандлар кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдусалом ўртасида учрашув бўлиб ўтди. (https://t.me/SShMirziyoyeva/2834) Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси ислом дини асосида ётган умуминсоний ва маънавий қадриятларни қўллаб-қувватлаётгани учун мазкур халқаро ташкилотга миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Саида Мирзиёева ҳар йили ўтказиладиган Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофотининг 2026 йилги ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилганидан бениҳоя мамнун эканини изҳор этди.
«Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан биз бу дунёни янада яхшироқ қила оламиз», — дея таъкидлади С.Мирзиёева.
Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофоти — дунё тараққиётига катта ҳисса қўшаётган, инсон ҳуқуқлари, тинчлик ва адолат учун курашаётган шахсларга бериладиган, халқаро даражада энг юқори баҳоланадиган юксак эътирофлардан биридир.
Ушбу мукофот 2019 йилда Рим папаси Франциск ва Ал-Азҳар университети бош имоми Аҳмад Ат-Тойиб ўртасида Абу-Дабида бўлиб ўтган тарихий учрашув шарафига таъсис этилган бўлиб, улар биргаликда инсоний биродарлик ҳақидаги ҳужжатни имзолаган эди.
БАА асосчиси марҳум Шайх Зоид ибн Султон Ал-Наҳаён номи билан аталадиган ушбу мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлиб, соврин пули ижтимоий муаммоларга ечим топаётган, тинчлик ва бирдамликка ҳисса қўшаётган шахслар ва ташкилотлар ўртасида тақсимланади.
Ҳакамлар ҳайъати таркибига турли йилларда олий мартабали ва нуфузли шахслар киритилган, жумладан:
Доктор Уидед Бушамауи, Жаноб Кайлаш Сатяртхи — тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиблари; Катерин Самба-Панза — Марказий Африка Республикасининг собиқ президенти; Мегавати Сукарнопутри — Индонезиянинг собиқ президенти; Ирина Бокова — ЮНЕСКОнинг собиқ бош директори; Ребека Гринспан Майуфис хоним — БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) бош котиби; Авраам Купер — АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси.
2025 йилдаги ҳакамлар ҳайъати қуйидагилардан иборат:
Макки Салл — Сенегал ва Африка Иттифоқининг собиқ президенти;
Хосе Луис Родригес Сапатеро — Испаниянинг собиқ бош вазири;
Нгози Оконжо-Ивеала — Жаҳон савдо ташкилоти бош директори;
Кардинал Питер Кудво Аппиаҳ Турксон — Понтифик Фанлар академияси ва Понтифик Ижтимоий фанлар академиясининг маслаҳатчиси;
Патрисия Скотланд — Миллатлар ҳамдўстлиги бош котиби;
Муҳаммад Абдусалом — «Инсоний биродарлик» мукофоти бош котиби.
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати