Ҳар бир тарихий обида – халқимиз тарихи ва маданиятининг гувоҳи. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳам ана шундай ноёб ёдгорликлардан бўлиб, унинг меъморий тузилиши ва муҳандислик ечими ўз даврининг илғор билимларига таянилганини кўрсатади.
– Сардобанинг гумбазсимон тузилиши, 15 метрлик ички диаметри ва 12 метр баландлиги уни нафақат амалиётда самарали, балки архитектура жиҳатдан ҳам ўзига хос намуна сифатида намоён этади. Ердан икки метр баландликдаги туйнуклар, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрияли қурилиши ва девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг бетакрорлигигидан далолат беради,– дейди тарихчи-археолог Солижон Қудратов.
Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштли зинапоялардан фойдаланиб тушилади. Кириш қисмидаги йўлакча устидан эса хизматчилар учун махсус хоналарга чиқиш мумкин бўлган айланма зинапоя қурилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда “Ёғочли сардоба” ҳам қайта тиклаш ишлари доирасида ўрганилмоқда. Баъзи реконструкция ишлари бошланган бўлса-да, маълум техник ва молиявий сабабларга кўра, қурилиш вақтинча тўхтаб қолган.
– Энди бу масканни тўлиқ таъмирлаб, туристик маршрутларга қўшиш, атрофида дам олиш масканлари, сув йўллари, маҳаллий ҳунармандчилик объектларини ривожлантириш режалаштирилган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов.
“Тошкент – Самарқанд – Бухоро” магистраль йўли бўйлаб жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳозирнинг ўзидаёқ саёҳатчилар диққатини ўзига тортмоқда. Шу боис, яқин истиқболда бу иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлайдиган муҳим марказга айланиши, шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири
Ҳар бир ишни пухта қилиш – бу инсоннинг ўз вазифасига жиддий, масъулиятли ва профессионал ёндашишини англатади. Пухта ишлаш нима? Пухта ишлаш – ишни юзаки эмас, балки чуқур ўйлаб, режа асосида, керакли билим ва маҳорат билан мукаммал бажаришдир.
Шу билан бирга, бу сифатга эътибор бериш, масъулиятни ҳис қилиш, ҳар бир қадамни аниқ режалаштириш, тафсилотларга эътибор қаратиш ва натижадан қониқиш ҳиссини олиш деганидир.
Пухта ишлаш бир неча омилларга кўра муҳим саналиб, улардан:
Ислом нуқтаи назаридан қараганда, ҳар бир ишни пухта бажариш инсоннинг имоний бурчларидан биридир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ бирортангиз иш қилсангиз, уни пухта бажаришингизни яхши кўради” (Имом Табароний ривояти).
Мазкур ҳадисдан маълум бўладики, ҳар қандай ишни пухта, сидқидилдан бажариш исломда ҳам катта фазилат саналади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам ишни пухта ва сидқидилдан бажариш зарурлиги тўғрисида “Ижтимоий одоблар” асарида қуйидаги фикрларни билдирган:
Мусулмон инсон жамият юзидаги энг кўркам ва гўзал хол бўлиши лозим. У инсон зоти чиройини очиб турувчи омил бўлиши керак. Бу эса, ижтимоий одоблар орқалигина юзага чиқади.
Мўмин кишининг ҳар бир ишни яхшилаб ва пухта қилиши мақбулдир. Бу барча инсонларга севикли Набийнинг ислом умматига амри, фармони, тавсияси ва насиҳатидир.
عَنْ عَائِشَةَ : قَالَ النَّبِيُّ ﷺ: «إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ إِذَا عَمِلَ أَحَدُكُمْ عَمَلًا نْ يُتَّقِنَهُ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилганда, уни яхшилаб, пухта қилишингизни севади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Аллоҳ таолонинг севгисига сазовор бўлай деган инсон катта-кичик ҳар бир ишни фақат ва фақат яхшилаб, чин дилдан пухта бажаришга уринади. Бу сифат эса ижтимоий одобларни ўрнига қўйиш билан юзага чиқади[1].
Қандай қилиб ҳар бир ишни пухта қилиш мумкин?” Бу борада қуйидагиларни тавсия қилиш мумкин:
Ҳар бир ишни пухта бажариш – бу муваффақиятнинг асосий омилларидан биридир. Чунки ҳозирги кунда бозор муносабатлари шароитида ўз ўрнига эга бўлиш учун ишни пухта бажариш, энг майда деталларига қадар эътибор қаратиш муҳимдир.
Ҳар бир ишни пухта бажариш қуйидаги натижаларга олиб келади:
Хулоса қилганда, ҳар бир ишни пухта қилиш нафақат шахсий ўсиш, балки жамият ривожи учун ҳам муҳимдир.
[1]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ижтимоий одоблар. “Ҳилол-Нашр”. Тошкент 2024. –Б.26-27
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими