Ҳар бир тарихий обида – халқимиз тарихи ва маданиятининг гувоҳи. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳам ана шундай ноёб ёдгорликлардан бўлиб, унинг меъморий тузилиши ва муҳандислик ечими ўз даврининг илғор билимларига таянилганини кўрсатади.
– Сардобанинг гумбазсимон тузилиши, 15 метрлик ички диаметри ва 12 метр баландлиги уни нафақат амалиётда самарали, балки архитектура жиҳатдан ҳам ўзига хос намуна сифатида намоён этади. Ердан икки метр баландликдаги туйнуклар, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрияли қурилиши ва девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг бетакрорлигигидан далолат беради,– дейди тарихчи-археолог Солижон Қудратов.
Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштли зинапоялардан фойдаланиб тушилади. Кириш қисмидаги йўлакча устидан эса хизматчилар учун махсус хоналарга чиқиш мумкин бўлган айланма зинапоя қурилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда “Ёғочли сардоба” ҳам қайта тиклаш ишлари доирасида ўрганилмоқда. Баъзи реконструкция ишлари бошланган бўлса-да, маълум техник ва молиявий сабабларга кўра, қурилиш вақтинча тўхтаб қолган.
– Энди бу масканни тўлиқ таъмирлаб, туристик маршрутларга қўшиш, атрофида дам олиш масканлари, сув йўллари, маҳаллий ҳунармандчилик объектларини ривожлантириш режалаштирилган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов.
“Тошкент – Самарқанд – Бухоро” магистраль йўли бўйлаб жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳозирнинг ўзидаёқ саёҳатчилар диққатини ўзига тортмоқда. Шу боис, яқин истиқболда бу иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлайдиган муҳим марказга айланиши, шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Улар: “Нега бир масала бўйича бир имом ҳалол деб ҳукм қилган бўлса, бошқаси ҳаром деган. Қандай қилиб ҳалол нарса бир вақтнинг ўзида ҳам ҳалол, ҳам ҳаром бўлиши мумкин?” деб сўрашди.
Мен: “Аввалги пайғамбарларнинг шариатида ҳам турли фарқлар бўлган. Масалан, Одам алайҳиссалом даврларида ўз синглисига уйланиш ҳаром эдими ёки ҳалолми?”.
Улар: “Ҳалол эди”, дедилар.
Мен: “Бугунчи?” деб сўрадим.
Улар: “Ҳаром”, дейишди.
Мен: “Ҳар бир пайғамбарнинг шариати ўша давр учун тўғри ҳисобланган. Одам алайҳиссаломга иймон келтириш билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам иймон келтирамиз ва ҳар икки пайғамбарни ҳақ деб биламиз”.
Улар: “Пайғамбарларнинг пайғамбар этиб юборилган вақтлари турлича бўлган” деди.
Мен: “Тўғри пайғамбарлар даври бир-биридан фарқ қилади. Мазҳаблар эса географик жойлашиши бўйича фарқланади. Масалан, шофеъийлар Шри-Ланкада истиқомат қилса, ҳанафийлар Покистонда. Шу сабабли, баъзан вақтнинг, баъзан жойлашувнинг ҳар хиллиги туфайли ҳалол ва ҳаром ўртасида турфа хиллик вужудга келган”.
Келинг янада тушунарлироқ бўлиши учун бир мисол келтирсам. Узоқ йиллардан бери рамазон ойининг биринчи куни ва ҳайит кунини белгилаш бўйича турли хиллик бўлиб келади. Саудия Арабистонида ҳайит куни бўлса, Покистонда рамазон ҳали тугамаган бўлади. Шундан келиб чиқиб сизларга савол: “Ҳайит куни рўза тутиш ҳаромми ёки ҳалолми?”
Улар: “Ҳаром”, дейишди.
Мен: “Рамазон ойида ҳайит намозини адо этиш-чи, ҳаромми? Лекин Саудия Арабистонида мусулмонлар ҳайит кунини нишонлашлари, Покистондагилар эса рўза тутишлари тўғрими?” деб сўрадим.
Улар: “Ҳа, тўғри”, дедилар.
Мен: “Ҳа, тўғри. Чунки рамазонни бошланиши ҳам, тугаши ҳам ойга қараб белгиланади. Саудияда ой кўрингани учун улар ҳайит намозини адо этишади, Покистонда эса ой ҳали кўринмади.
Шунинг учун, Саудияда ҳайит намози ўқилади. Покистонда эса рўза тутилади. Ҳар иккиси ҳам тўғри. Агар тўртта киши қўлига таёқ олиб Саудияда ҳайит намозининг ўқилишига қаршилик қилиб, “ҳайит намозини ўқиманг, чунки Покистонда ҳали рамазон ойи тугагани йўқ” деб жар солса фитна бўлмайдими?” Огоҳ бўлингки фитна оғир гуноҳдир”, дедим.
Давоми бор...
Даврон НУРМУҲАММАД