Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июн, 2025   |   19 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
15 Июн, 2025, 19 Зулҳижжа, 1446

"Ёғочли сардоба" – Сирдарёнинг туризм салоҳиятини очувчи ноёб ёдгорлик

02.05.2025   15809   2 min.

Сирдарё вилоятида жойлашган тарихий ва маданий обидалар орасида XVI асрга тегишли "Ёғочли сардоба" алоҳида аҳамиятга эга. Бухоро хони Абдуллахон II даврида, 1580 йилда қурилган мазкур гидротехник иншоот нафақат ўтмишдан дарак беради, балки ҳозирги кунда вилоят туризм салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 
 

Ҳар бир тарихий обида – халқимиз тарихи ва маданиятининг гувоҳи. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳам ана шундай ноёб ёдгорликлардан бўлиб, унинг меъморий тузилиши ва муҳандислик ечими ўз даврининг илғор билимларига таянилганини кўрсатади.


– Сардобанинг гумбазсимон тузилиши, 15 метрлик ички диаметри ва 12 метр баландлиги уни нафақат амалиётда самарали, балки архитектура жиҳатдан ҳам ўзига хос намуна сифатида намоён этади. Ердан икки метр баландликдаги туйнуклар, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрияли қурилиши ва девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг бетакрорлигигидан далолат беради,– дейди тарихчи-археолог Солижон Қудратов.


Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштли зинапоялардан фойдаланиб тушилади. Кириш қисмидаги йўлакча устидан эса хизматчилар учун махсус хоналарга чиқиш мумкин бўлган айланма зинапоя қурилган.


Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда “Ёғочли сардоба” ҳам қайта тиклаш ишлари доирасида ўрганилмоқда. Баъзи реконструкция ишлари бошланган бўлса-да, маълум техник ва молиявий сабабларга кўра, қурилиш вақтинча тўхтаб қолган.


– Энди бу масканни тўлиқ таъмирлаб, туристик маршрутларга қўшиш, атрофида дам олиш масканлари, сув йўллари, маҳаллий ҳунармандчилик объектларини ривожлантириш режалаштирилган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов.


“Тошкент – Самарқанд – Бухоро” магистраль йўли бўйлаб жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳозирнинг ўзидаёқ саёҳатчилар диққатини ўзига тортмоқда. Шу боис, яқин истиқболда бу иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлайдиган муҳим марказга айланиши, шубҳасиз. 


Ғулом Примов, ЎзА мухбири

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Эртага арафа куни

26.06.2023   4120   1 min.
Ғафлатда қолманг! Эртага арафа куни
  1. Энг яхши дуо арафа кунидаги дуо. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуонинг энг яхшиси арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги Пайғамбарлар айтган сўзнинг энг яхшиси — Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайˋин қодийрдир.

Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги ҳам йўқ, бутун мулк Уники, ҳамд ҳам Унга хос ва У ҳар бир нарсага қодирдир.

 

  1. Арафа куни одамлар дўзахдан озод бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳим! Бизларни, ота-оналаримизни, фарзандларимизни, аёлларимизни, дўстларимизни ва барча мўмин-мусулмонларни жаҳаннам оловидан асра!

 

  1. Арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.

 

  1. Арафа куни тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорат бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ғафлатда қолманг! Арафа куни рўзасини тутишни ўтказиб юборманг! Буни бошқаларга ҳам эслатинг. Эҳтимол сиз сабабли бошқалар ҳам рўза тутар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар