Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот алайҳиссалом беморликдан қийналаётган эканлар.
"Ё Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қаттиқ қийналмоқдасиз-ку?!" дедим.
"Албатта, мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналаман", дедилар.
"Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундайми?" дедим.
У зот алайҳиссалом: "Ҳа шундай. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкади", дедилар".
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳамми?” деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш ҳам. Фақат бир киши ўз жони ва моли билан чиқиб, ундан бирон нарсасиз қайтиб келса, бундан мустасно”, дедилар.
(Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят лафзи Абу Довудга тегишли).