#Янгиликлар #Ҳаж_2025
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжидида Ҳаж ва умрага оид дарслар ўтказилди.
“Мир Араб” ўрта махсум ислом таълим муассасаси мудири Жалолиддин домла Сабуров ва Эркин домла Қудратов бу йил ҳаж сафарига кетаётган навбатдаги гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада ҳаж қоидалари, уларни бузиш оқибатлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафарга тайёргарлик ва унда эътибор қаратилиши лозим бўлган кўрсатмалар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, амалиётга оид маслаҳатларни баён этди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устозлар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Аллоҳ таоло Ҳаж сафарига отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, улуғ ибодатни бекаму-кўст адо этиш барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, 15 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат ва таклиф-мулоҳазаларини тинглади.
Мазкур қабул жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган масжидлар қуриш, таълим олиш, оилавий муносабатлар, моддий ёрдамга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.
Бугунги қабул давомида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.
Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати