#Янгиликлар #Ҳаж_2025
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжидида Ҳаж ва умрага оид дарслар ўтказилди.
“Мир Араб” ўрта махсум ислом таълим муассасаси мудири Жалолиддин домла Сабуров ва Эркин домла Қудратов бу йил ҳаж сафарига кетаётган навбатдаги гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада ҳаж қоидалари, уларни бузиш оқибатлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафарга тайёргарлик ва унда эътибор қаратилиши лозим бўлган кўрсатмалар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, амалиётга оид маслаҳатларни баён этди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устозлар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Аллоҳ таоло Ҳаж сафарига отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, улуғ ибодатни бекаму-кўст адо этиш барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бухорода янги илмий-тадқиқот маркази – Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди!
2025 йил 21 апрелдаги Муҳтарам Президентимизнинг Фармонига асосан ташкил этилган мазкур Марказ Адлия вазирлиги томонидан расман рўйхатдан ўтказилди.
Янги Марказ ислом динининг буюк арбоби, Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари зиёратгоҳи ҳудудида жойлашгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Бугунги кунда Нақшбандия тариқати дунёда энг кўп ёйилган тариқатлардан бири бўлиб, миллионлаб мўмин-мусулмонлар томонидан амал қилинади. Шу боис, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига ҳар йили минглаб зиёратчилар ташриф буюради.
Марказ директори этиб "Чор Бакр" масжиди имом-хатиби, Исломшунослик фанлари бўйича PhD, доцент Азизхўжа Хайруллоевич Иноятов тайинланди.
Аллоҳ таоло бу Марказни янги Ўзбекистонимиз учун муборак қилсин! Улуғ аждодларимизнинг маънавий меросини ўрганиш ва тарқатишда бу Марказга баракотлар ато этсин!