Уч яшар қизи уйни бетартиб қилиб ташлагани учун отаси унга қаттиқроқ танбеҳ берди. Эртасига қизи отасига бир қути ҳадя қилди. Отаси бўш қутини кўриб, қизининг бу ишини тушунолмади ва: “Бу нимаси, қизим, мени масхара қиляпсанми?” деди. Қизи эса: “Кеча мени уришган пайтингиз сизга айтишдан қўрқиб шу қутини очдим ва ичига сизни яхши кўришимни айтиб, оғзини беркитиб қўйдим. Бугун жаҳлингиз чиқмай тургани учун олиб келиб бердим”, деди. Шунда ота хато йўл тутаётганини англаб етди. Қизини опичлади. Унинг бундан нақадар хурсанд бўлгани кўз олдида қолди.
Орадан йиллар ўтса-да, иши юришмаса ё кайфияти бўлмаса ўша кунни эслаб, бўш қутини очиб қараркан, ташвишларини унутди.
Дарҳақиқат, қиз фарзанд отасига ўғил фарзанддан ҳам кўпроқ меҳрли бўлишар экан. Ҳадисларда бир қиз фарзандни бўлса-да, тарбиялаб ўстирган отага жаннат башорати берилгани бежизмас экан.
Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етайлик. Зеро, қанча одамлар, ўғил бўлсин, қиз бўлсин – кўп йиллар давомида фарзанд неъматига зор.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов