Хабар берганимиздек, бугун Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида “Мотуридий таълимоти билимдони” интеллектуал беллашувининг Республика босқичи бошланди.
Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларидаги саралашдан ўтган талабалар иштирок этмоқда.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Беллашув Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни тарғиб қилишга қаратилган. Иштирокчилар мотуридийлик таълимотининг асосий қоидалари ва ақидавий ечимлари бўйича ўз билимларини намоён этишмоқда.
Бу мусобақа — илм, маърифат ва соф эътиқодни мустаҳкамловчи муҳим воқелик!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Дунё мусулмонлари ҳаётига оид энг ишончли ва холис маълумотлар эълон қилувчи таниқли “Islamonweb” порталида Малайзия халқаро ислом университети профессори Шукран Абдулраҳмон ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломовнинг “Илм – миллий тараққиёт ва глобал тинчликнинг мустаҳкам пойдевори” мавзусидаги мақоласи эълон қилинди.
Мақолада таъкидланганидек, бой илмий-маънавий асосга эга Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда халқаро илмий ҳамжамият эътиборини ўзига тортган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон миллий қадриятлар, тарихий тажриба ва замонавий билимларни уйғунлаштириш орқали барқарор тараққиётга интилмоқда. Бу юртдаги барча ижобий ўзгаришлар халқ эҳтиёжи ва орзу-истакларига асосланиб, бағрикенглик, тараққиёт ва маърифат тамойилларига содиқ қолган ҳолда олиб борилмоқда.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғояси асосида ташкил этилган Халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси қисқа вақт ичида улкан илмий лойиҳаларни амалга ошириб, Ўзбекистоннинг илм-маърифат маркази сифатидаги халқаро имижини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири