Хабар берганимиздек, бугун Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида “Мотуридий таълимоти билимдони” интеллектуал беллашувининг Республика босқичи бошланди.
Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларидаги саралашдан ўтган талабалар иштирок этмоқда.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Беллашув Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни тарғиб қилишга қаратилган. Иштирокчилар мотуридийлик таълимотининг асосий қоидалари ва ақидавий ечимлари бўйича ўз билимларини намоён этишмоқда.
Бу мусобақа — илм, маърифат ва соф эътиқодни мустаҳкамловчи муҳим воқелик!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Муборак ҳаж сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона бўлими бошлиғи Камолиддин Маҳкамов, Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев, Ҳадис илми мактаби ректори Барот Амонов Мадинаи мунавварадаги Масжидун Набавий кутубхонаси билан танишиш баробарида муассаса бўлим бошлиғи Аҳмад Наим Мулла мулоқот қилишди.
Учрашув асносида улуғ алломаларимизнинг илмий мерослари жой олган “Ўзбекистон бурчаги” ташкил этилди. Шу муносабат билан ушбу кутубхона вакилларига Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ва Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” ва бошқа китоблар топширилди.
Мулоқот чоғида “Саҳиҳи Бухорий” ва “Сунани Термизий” асарлари “Олти саҳиҳ ҳадислар”даги ўрни, ислом оламидаги олти буюк муҳаддисдан икки нафари Мовароуннаҳрдан етишиб чиққани, буюк аждодларимизнинг динимиз тараққиётидаги хизматлари эътироф этилди.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган сиёсат юқори баҳоланиб, Кутубхонага тақдим этилган ўзбек тилидаги ҳадислар тўпламлари шарҳлари Ҳаж ва Умра зиёратига келувчи зиёратчиларга муҳим манба бўлиб хизмат қилиши айтиб ўтиди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати