Жорий йилнинг 6 май куни Мир Араб олий мадрасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари М.Муҳаммадсидиқов, диний таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда таълим соҳасини янада яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, ўқув-меъёрий ва услубий жиҳатдан такомиллаштириш, мавжуд фанларни, хусусан ижтимоий-гуманитар ва фанларни ўқитиш сифатини юқори босқичга олиб чиқиш, ўқитувчилар методологиясини мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий ишларни кучайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Мажлис давомида таълим муассасалари мисолида амалга оширилиш лозим бўлган масалалар ўртага ташланиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 28 май куни Самарқандга ташриф буюриб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат қилинди.
Бутун ислом оламида Имом Бухорийнинг ҳурмати юксак, унинг мақбарасини кўриш истагидаги инсонлар кўп. Шу боис зиёратчиларга шароитларни кенгайтириш мақсадида бу ерда янги мажмуа барпо этилмоқда.
Ташриф чоғида Президентимиз қурилишнинг боришини кўздан кечирди.
Мажмуанинг умумий майдони 44 гектар этиб кенгайтирилган. Ҳозирги кунда мўътабар мақбара, 10 минг кишилик масжид, 4 та минора қуриб битказилган.
Янги мажмуа зиёрат билан бирга маърифат, тарбия, ибрат ўчоғи бўлади. Музей, маъмурият, меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш биноларини ўз ичига олади. Пештоқлар ва айвон деворларига “Саҳиҳи Бухорий”дан ҳадислар битилади.
Давлатимиз раҳбарига мажмуада бўлажак шароитлар ҳақида ахборот берилди. Мақбара ҳовлиси ва хиёбонларга кўпроқ дарахтлар экиш зарурлиги айтилди.
president.uz