Жорий йилнинг 6 май куни Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида навбатдаги маърифий учрашув ташкил этилди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов томонидан муассаса ўқитувчилари, ходимлари ҳамда талабаларига "Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъмилаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси"нинг мазмун-моҳиятини ифода этувчи махсус курс машғулоти ўтиб берилди.
Тадбир давомида Концепцияда мустаҳкамланган виждон эркинлиги тамойиллари, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик асослари ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари кенг ёритилди. Диний-маърифий соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Манба: Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати
Наманган вилояти бош имом-хатиби, Уламолар кенгаши аъзоси Абдуллоҳ домла Саматов Поп туманидаги «Якка тут» ҳамда Мингбулоқ туманидаги «Гулбоғ» жоме масжидларида бўлди.
Ташриф давомида бош имом-хатиб мазкур масжидларда намозхонлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қайта қурилаётган таҳоратхоналар ҳолати билан яқиндан танишди.
Қурилиш жараёнлари кўздан кечирилиб, барпо этилаётган замонавий таҳоратхоналарнинг сифатли, миллий меъморчилик анъаналари ва барча санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб берадиган тарзда амалга оширилиши бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, ушбу хайрли ишларда фидойилик кўрсатаётган қурувчилар ва ҳисса қўшаётган юртдошларимиз ҳаққига дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати