Дунёда шундай ишлар борки, Аллоҳ таолога суюкли бўлади. Улардан бири кўнгилни шод этиш ҳисобланади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолога фарз ибодатлардан кейин энг мақбул иш – мусулмон кишининг кўнглига сурур (хурсандчилик) етказишдир”.
Дарҳақиқат, ўзга кишининг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш хайрли амаллардандир. Ҳазрати Алишер Навоий:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея бежиз айтмаган.
Мусулмоннинг кўнглига озор бериш эса, хунук ишлардандир. Бу ҳақда халқимизда: “Дилозордан Худо безор”, деган нақл бор.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга озор беришдан сақлаб, Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишларни қилишга муваффақ айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
Алҳамдулиллаҳ, биз мўмин-мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишга буюрилганмиз. Агар бир марта салавот айтсак, бизга Аллоҳ ўн марта раҳмат йўллайди, ўнта гуноҳимиз ўчирилади, мартабамиз ўн даража ортади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта раҳмат йўллайди. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади, мартабаси ўн даража кўтарилади” (Имом Аҳмад ривояти). Манбаларда қисқа салавот сифатида қуйидаги салавот берилади:
اَللَّهُمَّ صل وَسَلِّمْ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّد
Алло́ҳумма солли васаллим ала́ набиййина́ Муҳаммад
Маъноси: “Эй, Аллоҳ! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга раҳмат ва салом йўллагин!”
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими