Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фитна – бу жамиятда ихтилоф, низо ва бузғунчиликка олиб келадиган омиллар мажмуасидир. Тарих давомида фитна турли кўринишларда – сиёсий қарама-қаршилик, диний зиддият ёки ижтимоий беқарорлик сифатида намоён бўлган.
Фитна жамият ривожига салбий таъсир кўрсатиб, муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлади. Ижтимоий низолар одамлар ўртасида ишончни йўқотади, бу эса ҳамкорлик ва бирдамликка путур етказади. Масалан, сиёсий фитналар давлат институтига бўлган ишончни камайтириб, қонун устуворлигига халақит беради. Иқтисодий жиҳатдан, фитна савдо-сотиқ, инвестициялар ва ишлаб чиқаришнинг пасайишига олиб келади. Тарихдаги кўплаб мисоллар мавжуд бўлиб, фуқаролик урушлари, оммавий тартибсизликлар фитнанинг иқтисодий ва ижтимоий зарарларини кўрсатади.
Диний ёки мафкуравий фитналар эса жамиятдаги маънавий қадриятларга таҳдид солади. Бундай низолар одамларни гуруҳларга бўлиб, бир-бирига қарши қўяди, бу эса узоқ муддатли парокандаликка сабаб бўлади. Фитна кўпинча ёшларнинг радикаллашуви, ахлоқий бузилиш ва маънавий йўқотишлар билан боғланади.
Бақара сураси 217-оятида “Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир”, 191-оятда “Фитна қотилликдан ҳам ёмондир” дейилган.
“Тафсири Ирфон”да, золим ва қонхўр кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасида фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилиши, фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам оғир жиноят экани айтилган.
Фитна конструктив йўналтирилиб, олди олинмаса, бузғунчилик ва беқарорликка сабаб бўлади. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда, “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса уни фитна ўзига тортиб кетади. Кимки қутулишга жой топа олса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин!”, дейилган.
Бу ҳадисда Расул алайҳиссалом фитнага аралашиб қолишдан қайтариб, ундан четда бўлиш йўлларини баён қилган. Фитнага қизиқмаслик, эътибор қилмаслик, қўшилмаслик билан ҳимояланишни тавсия қилганлар.
Фитнанинг зарарли таъсирини камайтириш учун жамиятда маърифат ва мулоқотни кучайтириш зарур. Таълим ва ахборот воситалари орқали одамларнинг танқидий фикрлаш қобилиятини ошириш, уларни фитна унсурларидан ҳимоя қилади. Давлат ва жамоат ташкилотлари эса адолатли қонунлар ва очиқ мулоқот орқали ишонч муҳитини шакллантиради.
Бундан ташқари, фитнанинг олдини олишда маънавий-ахлоқий тарбия муҳим ўрин тутади. Дини ва миллий қадриятларга асосланган тарбия одамларда бирдамлик ва ўзаро ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди. Ниҳоят, фитнага қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг масъулиятли ва фаол иштироки муҳимдир.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 6-оятда “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекиб қолманглар” деб фитнага сабаб бўлувчи гап-сўзларга кўр-кўрона эргашиб кетмасдан текшириб кўриш лозимлигини таълим берган.
Шундай экан, фитнани олдини олиш, фитна келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, унга қарши курашиш жамиятнинг барча аъзолари учун умумий вазифадир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо жоме масжиди имом-хатиби.
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.