Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июн, 2025   |   28 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
24 Июн, 2025, 28 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Ўтирган тик тургандан яхшироқ

14.05.2025   6064   3 min.
Ўтирган тик тургандан яхшироқ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Фитна – бу жамиятда ихтилоф, низо ва бузғунчиликка олиб келадиган омиллар мажмуасидир. Тарих давомида фитна турли кўринишларда – сиёсий қарама-қаршилик, диний зиддият ёки ижтимоий беқарорлик сифатида намоён бўлган.

Фитна жамият ривожига салбий таъсир кўрсатиб, муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлади. Ижтимоий низолар одамлар ўртасида ишончни йўқотади, бу эса ҳамкорлик ва бирдамликка путур етказади. Масалан, сиёсий фитналар давлат институтига бўлган ишончни камайтириб, қонун устуворлигига халақит беради. Иқтисодий жиҳатдан, фитна савдо-сотиқ, инвестициялар ва ишлаб чиқаришнинг пасайишига олиб келади. Тарихдаги кўплаб мисоллар мавжуд бўлиб, фуқаролик урушлари, оммавий тартибсизликлар фитнанинг иқтисодий ва ижтимоий зарарларини кўрсатади.

Диний ёки мафкуравий фитналар эса жамиятдаги маънавий қадриятларга таҳдид солади. Бундай низолар одамларни гуруҳларга бўлиб, бир-бирига қарши қўяди, бу эса узоқ муддатли парокандаликка сабаб бўлади. Фитна кўпинча ёшларнинг радикаллашуви, ахлоқий бузилиш ва маънавий йўқотишлар билан боғланади.

Бақара сураси 217-оятида “Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир”, 191-оятда “Фитна қотилликдан ҳам ёмондир” дейилган.

“Тафсири Ирфон”да, золим ва қонхўр кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасида фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилиши, фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам оғир жиноят экани айтилган.

Фитна конструктив йўналтирилиб, олди олинмаса, бузғунчилик ва беқарорликка сабаб бўлади. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда, “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса уни фитна ўзига тортиб кетади. Кимки қутулишга жой топа олса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин!”, дейилган.

Бу ҳадисда Расул алайҳиссалом фитнага аралашиб қолишдан қайтариб, ундан четда бўлиш йўлларини баён қилган. Фитнага қизиқмаслик, эътибор қилмаслик, қўшилмаслик билан ҳимояланишни тавсия қилганлар.

Фитнанинг зарарли таъсирини камайтириш учун жамиятда маърифат ва мулоқотни кучайтириш зарур. Таълим ва ахборот воситалари орқали одамларнинг танқидий фикрлаш қобилиятини ошириш, уларни фитна унсурларидан ҳимоя қилади. Давлат ва жамоат ташкилотлари эса адолатли қонунлар ва очиқ мулоқот орқали ишонч муҳитини шакллантиради.

Бундан ташқари, фитнанинг олдини олишда маънавий-ахлоқий тарбия муҳим ўрин тутади. Дини ва миллий қадриятларга асосланган тарбия одамларда бирдамлик ва ўзаро ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди. Ниҳоят, фитнага қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг масъулиятли ва фаол иштироки муҳимдир.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 6-оятда “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекиб қолманглар” деб фитнага сабаб бўлувчи гап-сўзларга кўр-кўрона эргашиб кетмасдан текшириб кўриш лозимлигини таълим берган.

Шундай экан, фитнани олдини олиш, фитна келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, унга қарши курашиш жамиятнинг барча аъзолари учун умумий вазифадир.

Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо жоме масжиди имом-хатиби.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Олдинги сафдаги намозхоннинг белига сажда қилиш мумкинми?

23.06.2025   1652   1 min.
Олдинги сафдаги намозхоннинг белига сажда қилиш мумкинми?

Савол: Биз томонларда қаттиқ ёмғир ёғиб, Жума ва икки ҳайит намозларида одамлар ташқарида намоз ўқий олмай, масжид ичига тиқилиб кетади. Суннатни алмашиб ўқиб олишади, аммо фарз намозда бунинг имкони йўқ-ку. Бу ҳолатда қандай йўл тутилади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу каби узрли ҳолларда яъни саволда зикр қилинганидек, Жума ва икки ҳайит намозларида орқадагилар олдинги сафдаги намозхонларнинг белларига сажда қилиб, намозни адо этсалар бўлади.

Бунинг кайфияти шундай: Аввалги сафдагилар одатдагидек руку ва сажда қиладилар. Уларнинг орқасидагилар эса, рукуда имкон қадар эгиладилар, сўнг саждада олдинги сафдаги одамларнинг орқа белларига бошларини қўйиб, сажда қиладилар. Фарзни шундай ўқисалар, суннатларни саволда айтилгандек алмашиб ўқиб олаверадилар. Чунки белга сажда қилиш зарурат туфайли жоиз бўлади. Суннат намозни ўқишда эса, бундай зарурат бўлмайди.

Бундан ташқари, бу каби узрли ҳолатларда олдиндаги одамнинг оёқлари устига ёки ўзининг сонига ҳам сажда қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.