Вафот этганингиздан кейин нималар бўлишини тасаввур қиласизми? Бир неча соат ўтиб, сиз учун йиғлаётган одамларнинг йиғиси тўхтайди. Яқин қариндошларингиз ҳам ҳаёт ташвишларига овунади.
Кўп ўтмай, раҳбарингиз ўрнингизга бошқа ходим топади. Яқинларингиз, фарзандларингиз ишга, тирикчилик ташвишига тушиб кетади.
Бир ой ўтгандан сўнг турмуш ўртоғингиз ҳам сизни камроқ эслай бошлайди. Ҳа, одам ўзи ўйлаганидан кўра тезроқ унутилади.
Модомики, одамлар сизни шунчалар тез эсдан чиқарар экан, бу ўлчовли умрингизни ким ёки нима учун сарфламоқдасиз? Бир умр “Одамлар нима деркин?” деб яшаб ўтмаяпсизми? Яшашдан мақсадингиз нима ўзи?
Бир лаҳза тин олиб, шулар ҳақда ўйлаб кўринг. Бу оламга келтирилиш сабабингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Яқинларингизни ҳаётлик чоғида қадрлангки, вақти етганда қадр топасиз. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ҳаммамизга мазмунли ҳаёт, хайрли оқибат насиб этсин!
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний соҳа ходимлари ўртасида оммавий спорт мусобақаларининг туман ва шаҳар босқичларига старт берилди.
Мусобақалар Президентимиз томонидан илгари сурилган «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва янги келажакни бирга қурамиз!» бош ғояси остида ташкил этилмоқда. Ушбу ташаббус соҳа ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Спорт тадбирлари дастуридан футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка каби спорт турлари ўрин олган.
Илк саралаш баҳслари 23 июль куни туман (шаҳар) босқичлари билан бошланди. Унда вилоятдаги масжидлар имом-хатиблари, ноиблар ва вакиллик ходимлари фаол иштирок этмоқда.
Ҳудудий босқичларда зафар қучган иштирокчилар ва жамоалар Мустақиллик байрами арафасида ўтказиладиган вилоят финал босқичида ғолиблик учун куч синашади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати