Вафот этганингиздан кейин нималар бўлишини тасаввур қиласизми? Бир неча соат ўтиб, сиз учун йиғлаётган одамларнинг йиғиси тўхтайди. Яқин қариндошларингиз ҳам ҳаёт ташвишларига овунади.
Кўп ўтмай, раҳбарингиз ўрнингизга бошқа ходим топади. Яқинларингиз, фарзандларингиз ишга, тирикчилик ташвишига тушиб кетади.
Бир ой ўтгандан сўнг турмуш ўртоғингиз ҳам сизни камроқ эслай бошлайди. Ҳа, одам ўзи ўйлаганидан кўра тезроқ унутилади.
Модомики, одамлар сизни шунчалар тез эсдан чиқарар экан, бу ўлчовли умрингизни ким ёки нима учун сарфламоқдасиз? Бир умр “Одамлар нима деркин?” деб яшаб ўтмаяпсизми? Яшашдан мақсадингиз нима ўзи?
Бир лаҳза тин олиб, шулар ҳақда ўйлаб кўринг. Бу оламга келтирилиш сабабингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Яқинларингизни ҳаётлик чоғида қадрлангки, вақти етганда қадр топасиз. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ҳаммамизга мазмунли ҳаёт, хайрли оқибат насиб этсин!
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизда илмий сафар билан бўлиб турган Қуръон ва тажвид илмларининг йирик устози, Бутунжаҳон Қуръони каримни ёдлаш ташкилоти Илмий кенгаши раиси, доктор Шайх Айман ибн Рушдий Сувайд билан мулоқот ўтказдилар.
Муфтий ҳазратлари муҳтарам меҳмонга сўнгги йилларда Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан буюк алломалар юрти бўлган Ўзбекистонда Қуръони карим ва унинг таълимига қаратилаётган юксак эътибор ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, юртимиз тажвид устозлари учун ўтказилаётган манфаатли маҳорат дарслари ва илмий суҳбатлари учун олимга алоҳида миннатдорлик изҳор этилди.
Мулоқотда тажрибали устознинг ўн қироат илми бўйича жаҳонга таниқли олим сифатидаги фаолияти, хусусан, қирқ йиллик тадқиқотлари маҳсули бўлган «Ат-Тажвид ал-Мусоввар» асари ҳамда теледастурлари бутун дунё мусулмонлари қаторида юртимиз илми толиблари учун ҳам бебаҳо манба бўлиб хизмат қилаётгани эътироф қилинди.
Ўз навбатида, Шайх Айман Сувайд Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида диний-маърифий соҳани ривожлантириш, Каломуллоҳга кўрсатилаётган юксак эҳтиром ва бу борадаги илмий ҳамкорликларни кўриб, жуда хурсанд бўлганини сўзлади. Маҳорат дарсларида иштирок этаётган ўзбекистонлик устоз-мударрисларнинг билим савияси ва илмий салоҳиятидан ниҳоятда мамнун бўлганини билдирди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашув якунида эсдалик совғалари алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати