Вафот этганингиздан кейин нималар бўлишини тасаввур қиласизми? Бир неча соат ўтиб, сиз учун йиғлаётган одамларнинг йиғиси тўхтайди. Яқин қариндошларингиз ҳам ҳаёт ташвишларига овунади.
Кўп ўтмай, раҳбарингиз ўрнингизга бошқа ходим топади. Яқинларингиз, фарзандларингиз ишга, тирикчилик ташвишига тушиб кетади.
Бир ой ўтгандан сўнг турмуш ўртоғингиз ҳам сизни камроқ эслай бошлайди. Ҳа, одам ўзи ўйлаганидан кўра тезроқ унутилади.
Модомики, одамлар сизни шунчалар тез эсдан чиқарар экан, бу ўлчовли умрингизни ким ёки нима учун сарфламоқдасиз? Бир умр “Одамлар нима деркин?” деб яшаб ўтмаяпсизми? Яшашдан мақсадингиз нима ўзи?
Бир лаҳза тин олиб, шулар ҳақда ўйлаб кўринг. Бу оламга келтирилиш сабабингиз ҳақида мулоҳаза юритинг. Яқинларингизни ҳаётлик чоғида қадрлангки, вақти етганда қадр топасиз. Аллоҳ таоло Ўзи рози бўладиган ҳаммамизга мазмунли ҳаёт, хайрли оқибат насиб этсин!
Акбаршоҳ Расулов
Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Кедаҳ штатидаги Ал-Бухорий халқаро университетида таҳсил олаётган ўзбек ёшлари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда университет раҳбарияти ва турли йўналишларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар иштирок этди.
Элчи Каромиддин Гадоев ёш ватандошларни мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, ушбу санага бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, амалга оширилаётган ташаббуслар ва давлат органларининг ёш авлодни қўллаб-қувватлашдаги ролига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчиларга элчихонанинг Малайзиядаги ўзбекистонлик ватандошлар билан олиб бораётган ишлари ҳақида маълумот берилди. Ёш диаспорани бирлаштириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш дипломатик миссиянинг асосий вазифаларидан бири эканлиги қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида маъруза қилди. У Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсати ва фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Учрашувда ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши ва таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиш, хориждаги ўзбекистонлик талабаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан экани таъкидланди.
Иштирокчилар интерактив мулоқот шаклида Малайзиядаги ўзбек ёшларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ва келгуси йилда улар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш масалаларини муҳокама қилди.
Талабалар ўз ғоя ва таклифлари, жумладан, ватандошлар билан келгусидаги ҳамкорлик бўйича фикрларини билдирди. Улар Ўзбекистон ҳаётида фаол иштирок этиш ва мамлакатнинг янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини маълум қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати