Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 15 май куни Мир Араб олий мадрасасида "Ислом маърифати — ахлоқий ва маънавий баркамоллик асоси" мавзусида республика анжумани бўлиб ўтди.
Илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов, диний таълим муассасалари, шунингдек, Бухоро давлат педагогика институти, Менежмент ва замонавий технологиялар университети раҳбар ва профессор ўқитувчилари иштирок этди.
Анжуманда бевосита ва масофавий тарзда қатнашган нотиқлар мавзу юзасидан чиқишлар қилиш баробарида муҳим таклиф ва тавсияларни илгари сурдилар.
Mirarab.uz