Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман", дедилар.
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази