16 май куни “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк гуруҳ зиёратчилари Маккаи мукаррамага замонавий автобусларда етиб келди. Уларни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, мамлакатимизнинг Саудиядаги Атташеси ва ишчи гуруҳи томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” ва "Romance room" меҳмонхоналарига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Замонавий меҳмонхонада хоналари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерга диёримиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлдилар.
Таматтуъ ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалини адо этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан юртимизда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Сана муносабати билан жорий йилнинг 23-31 июль кунлари мамлакатимиз бўйлаб "Дўстлик" фестивали тадбирлари бўлиб ўтади.
Фестиваль доирасида бир ҳафта давомида республикамизнинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги нуфузли санъат саройлари, театрлар, концерт заллари, томоша майдонлари ва сўлим хиёбонлари ҳамда боғларида турли маданий-маърифий, илмий-амалий каби қизиқарли байрамона тадбирлар ўтказилади.
Дўстона оҳангда куйланган концерт дастурлари, адабиёт оламида миллий ва умуммиллий қадриятлар тараннуми акс этган бадиий асарлар талқини ҳафталик безаги бўлади. "Дўстлик" фестивали – Ўзбекистон Республикасининг Миллатлараро муносабатларга доир давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини акс эттирувчи воқелик.
"Дўстлик" фестивали дунё аҳлини тотувлик ва ҳамжиҳатлик ҳақида жиддий ўйлашга чорловчи ташаббус. Ушбу ташаббусни сиз ҳам биз билан қўллаб-қувватланг, фестиваль иштирокчисига айланинг.