Ҳаж сафарига бориш, Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг орзуси. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик сабабли ватандошларимиз эмин-эркин ҳаж амалларини адо этиш бахтига муяссар бўлишмоқда.
19 май куни навбатдаги зиёратчилар Маккаи мукаррамага замонавий автобусларда етиб келди.
Ҳамюртлармизни муҳташам Сoncrete al-Sahhab меҳмонхонасида саудиялик мутасаддилар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, Жидда шаҳридаги бош консул Сирожиддин Шамсуддинов ва бош консулхона ходимлари томонидан катта эҳтиром ила кутиб олинди.
Аллоҳ таолонинг меҳмонларига рисоладагидек хизмат кўрсатиш, уларга қулай шароитларни яратиб бериш мақсадида барча имкониятлар ҳозирланди. Муборак сафар мобайнида ҳар бир тадбирлар аниқ режа асосида юксак даражада амалга оширилмоқда. Ташкилий-ҳужжат ишлари, тоату ибодатлар, истиқомат, озиқ-овқат, тиббиёт ва транспорт хизматлари юқори сифатда ташкил этилган.
Зиёратчилар умра амалини бажариб бўлгач ҳаж ибодати бошланиш санаси, яъни Зулҳижжа ойининг саккизинчи кунига қадар Ҳарами шарифда тоату ибодатда бўладилар.
Ҳақ таоло ҳожиларнинг ҳажларини мабрур, саъйларини машкур, гуноҳларини мағфур қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Самарқанд вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби бошчилигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда вилоятда фаолият юритаётган туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, фаол имом-хатиблар ҳамда отинойилар иштирок этди.
Тақдимот Қуръони карим тиловати билан бошланди. Сўзга чиққанлар китобнинг мазмун-моҳияти, инсон қадрини улуғлашга қўшадиган ҳиссаси, жамиятнинг маънавий-маърифий ҳаётига таъсири ҳақида фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Тадбир якунида “Инсон қадри” китоби вилоятдаги 288 та масжидга тарқатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилоят вакиллиги Матбуот хизмати