Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Октябр, 2026   |   26 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:26
Пешин
12:11
Аср
16:10
Шом
17:59
Хуфтон
19:14
Bismillah
07 Октябр, 2026, 26 Рабиъус сони, 1448

21.05.2025   9211   1 min.

Шу йил 19 май куни мамлакатимизга келган Қатар вақф ва ислом ишлари вазири ўринбосари Муҳаммад ал-Кавварий бошчилигидаги делегацияни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов қабул қилди. 

Мулоқотда Ўзбекистон ва Қатар алоқалари ривожланаётганига тўхталиш баробарида юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги сўнгги ислоҳотлар, илмий-тадқиқот марказлари, масжид-мадрасалар, Фатво маркази, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари, нашриёт-матбаа ишларига оид маълумотларга делегация вакиллари қизиқиш билдирди. 

Муҳаммад ал-Кавварий бу замин дунё тамаддуни марказларидан бири экани, улуғ мутафаккирларимиз башарият тараққиётига катта ҳисса қўшгани, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби алломалар динимиз ривожига катта ҳисса қўшиш баробарида бутун оламга машҳурлигини эътироф этди. 

Учрашув давомида икки давлат мутахассислари иштирокида қўлёзмаларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва уларни чоп этиш, диний таълим, зиёрат туризми йўналишида ҳамкорлик қилиш  ва бошқа масалалар муҳокама этилди.

Юқорида билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар асосида амалий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ўзаро келишиб олинди. 

Меҳмонлар Диний идора Кутубхона фондидаги ноёб ва нодир асарлар билан танишиш асносида Мўйи муборак мадрасасида жойлашган ҳазрати Усмон Мусҳафини ҳам зиёрат қилишди. 

Маълумот ўрнида бундан бир ой муқаддам мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Қатар вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним билан юртимизнинг диний соҳа раҳбарлари учрашув ўтказган эди. https://t.me/muslimuzportal/41058

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Кобулда Имом Марғиноний илмий меросига бағишланган конференция бўлиб ўтди

07.10.2026   990   1 min.
Кобулда Имом Марғиноний илмий меросига бағишланган конференция бўлиб ўтди

Афғонистоннинг нуфузли “ToloNews” ахборот ресурсида Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросига бағишланган иккинчи илмий конференция ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Кобул шаҳрида ўтказилган “Имом Бурҳониддин Марғиноний илмий мероси ва унинг замонавий исломшуносликдаги ўрни” мавзусидаги анжуманда икки мамлакат ўртасидаги дўстона ва илмий-маърифий алоқалар муҳокама марказида бўлди.

Афғонистон Бош вазири мулла Муҳаммад Ҳасан Оҳунднинг иштирокчиларга йўллаган мурожаатида Афғонистон ва Ўзбекистон уламолари ўртасидаги алоқалар чуқур тарихий илдизларга эга экани қайд этилиб, ўзаро ҳурмат асосида бу муносабатларни янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Конференцияда сўзга чиққан Афғонистон Фанлар академияси раҳбарияти ҳамда Дин ишлари ва ҳаж вазири Нур Муҳаммад Сокиб Имом Марғинонийнинг илмий асарларини ислом олами ва Ўзбекистонда янада чуқур ўрганиш муҳимлигини юқори баҳоладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ўз нутқида икки халқнинг диний ва маданий анъаналари муштараклигига тўхталиб, сўнгги йилларда олий даражадаги сиёсий ирода туфайли алоқалар янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

“Президентимизнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари, Балх вилоятида Имом Бухорий мадрасасининг қурилиши, икки мамлакат чегарасида “Термез” халқаро савдо марказининг ташкил этилгани ва кўрсатилаётган доимий гуманитар ёрдам чинакам қўшничилик ва биродарлик намунасидир”, — деди Ҳомиджон Ишматбеков.

Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг меросига бағишланган илк илмий-тадқиқот конференцияси жорий йилнинг 14 март куни Тошкент шаҳрида ҳам ўтказилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Ўзбекистон янгиликлари