Шу йил 19 май куни мамлакатимизга келган Қатар вақф ва ислом ишлари вазири ўринбосари Муҳаммад ал-Кавварий бошчилигидаги делегацияни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов қабул қилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Қатар алоқалари ривожланаётганига тўхталиш баробарида юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги сўнгги ислоҳотлар, илмий-тадқиқот марказлари, масжид-мадрасалар, Фатво маркази, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари, нашриёт-матбаа ишларига оид маълумотларга делегация вакиллари қизиқиш билдирди.
Муҳаммад ал-Кавварий бу замин дунё тамаддуни марказларидан бири экани, улуғ мутафаккирларимиз башарият тараққиётига катта ҳисса қўшгани, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби алломалар динимиз ривожига катта ҳисса қўшиш баробарида бутун оламга машҳурлигини эътироф этди.
Учрашув давомида икки давлат мутахассислари иштирокида қўлёзмаларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва уларни чоп этиш, диний таълим, зиёрат туризми йўналишида ҳамкорлик қилиш ва бошқа масалалар муҳокама этилди.
Юқорида билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар асосида амалий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ўзаро келишиб олинди.
Меҳмонлар Диний идора Кутубхона фондидаги ноёб ва нодир асарлар билан танишиш асносида Мўйи муборак мадрасасида жойлашган ҳазрати Усмон Мусҳафини ҳам зиёрат қилишди.
Маълумот ўрнида бундан бир ой муқаддам мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Қатар вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним билан юртимизнинг диний соҳа раҳбарлари учрашув ўтказган эди. https://t.me/muslimuzportal/41058
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Кобул шаҳрида бўлиб ўтган "Имом Бурҳониддин Марғиноний илмий меросининг замонавий исломшуносликдаги ўрни ва мавқеи" мавзусида халқаро конференция доирасида Ўзбекистон делегацияси Афғонистоннинг маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда илмий-маданий муассасалари раҳбарлари билан ҳам муҳим учрашувлар ўтказди.
Жумладан, Ғазни, Майдон-Вардак, Балх вилоятлари раҳбарлари ҳамда Афғонистон Фанлар академияси бош директори билан расмий мулоқотларда ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва илмий алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар якунида дўстлик рамзи сифатида ўзаро эсдалик совғалари алмашилди.
Шунингдек, мезбонлар томонидан Афғонистон Фанлар академияси кутубхонаси, Этнография музейи, Абу Райҳон Беруний, Санои Ғазни, Маҳмуд Ғазнавий, қадимий миноралар, тарихий обидалар ҳамда Мозори Шариф шаҳридаги ҳазрати Али мақбарасига зиёратлар ташкил этилди. Имом Бухорий мадрасаси қурилиши билан танишилди.
Шу билан Ўзбекистон делегациясининг Афғонистонга сафари якунига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати