Мусулмон киши ҳар бир ишида Аллоҳ таолога таваккул қилади. Зеро, Аллоҳ таоло таваккал қилувчиларни яхши кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:“(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг. Зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 159-оят). Ушбу оят тафсирида: “Аллоҳга таваккул қилиш улуғ фазилат. Аммо таваккул, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккулни яхши англашмайди. Ўйламай, уринмай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона туришни таваккул деб тушунувчилар бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккулларини олайлик. У зот мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитиб, тезда мусулмонларни йиғиб, кенгаш ўтказдилар. Ўзлари биринчи бўлиб Ҳужраи саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар. Эътибор беринг – Аллоҳга таваккул қилувчиларнинг энг улуғи, пешвоси бўлган зот урушга кетаётиб бир эмас иккита совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар. Етиб борганларидан кейин душманнинг куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнг ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, режа туздилар. Хуллас, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни кўрдилар. Аммо Аллоҳга таваккул қилишлари бу ишлардан айри эмасди.
Таваккул буларнинг барчасини боғлаб турадиган бир ип мисоли. У ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил деб эътиқод қилишдир. Афсуски, кўпчилик таваккулни ҳаракатсизлик, уриниб кўрмаслик билан боғлиқ ҳолда тушунади. Баъзилар Аллоҳга таваккул қилдим, деб ҳаракат қилишлари керак бўлган ишларни ҳам қилишмайди. Бу эса дангасалик, холос.
Пайғамбар алаҳиссалом даврларида бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ! Туямни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккул қилайми?” деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: “Боғлаб қўйиб, ундан кейин таваккул қил” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзига таваккал қиладиган бандалари қаторида қилиб, икки дунё саодатига мушарраф этсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ғийбатнинг таърифини ушбу ҳадисдан билиб оламиз:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?” деб сўрашди. “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар” (Абу Довуд ривоят қилган).
Баъзилар “Мен биродаримнинг йўқ айбини гапирмаяпман. Балки бор айбини айтяпман” деб даъво қилишади. Мазкур ҳадисга кўра уларнинг даъвоси асоссиз бўлиб, улар ғийбат қилаётган бўлишади.
Қуръони каримнинг Ҳужурот сурасида Аллоҳ таоло айтади: "Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир".
Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.
Афсуски, уч-тўртта улфатлар йиғилиб қолса, суҳбат орасида кимнидир ғийбат қилиш ҳам содир бўлади. Иймони комил мусулмон бировни ғийбат қилмаслиги, ғийбатчиларни бу гуноҳдан қайтаришга уриниши, агар улар ғийбатдан тилларини тиймасалар, ўзи ундай мажлисни тарк этиши керак. Чунки ғийбатчилар билан бирга ўтириб, уларни бу ишдан қайтармай ўтираверган киши ўша кимсаларнинг гуноҳига шерик бўлади.
Ғийбат биродаримизнинг унга ёқмайдиган нарса билан эслаш экан, бу нарса унинг ташқи кўриниши, шаклига оид бўлиши ҳам мумкин. Масалан, баъзилар “Фалончи пакана”, “Фалончи чўлоқ”, “Фалончи найнов”, “Фалончи қора” каби гапларни кўп ишлатишади. Бу гапни ўша инсон эшитса, хафа бўлади. Демак, бу ҳам ғийбат ҳисобланади.
Ғийбатчини ҳеч ким ёқтирмайди. Ундай кимсага охиратда ҳам аламли азоб бордир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меърожга чиқарилганимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бўлиб, улар (ўша тирноқлар ила) юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадим. У: “Улар одамларнинг гўштларини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларига тил теккизадиган кишилардир” деб жавоб берди” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Оддий тирноқ билан юзингизни ёки танангизнинг бирор жойини қашийверсангиз, бориб-бориб ўша жой ярага айланади. Энди мисдан бўлган тирноқлар билан юз ва кўкракларни тирнаш жуда қўрқинчлидир. Ҳадиси шарифда ғийбатчилар “одамларнинг гўштларини ейдиганлар” деб васф қилинмоқда. Бу Ҳужурот сурасида келтирилган ғийбатчи мисолининг ҳадисда ҳам келтирилишидир. Ғийбатчи кимса ғийбат қилаётган пайтда дўстининг, диндошининг гўштини еб ўтирган бўлади.
Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Абу Барза Ал Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: “Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг авратлари орқасидан (номусларига тегувчи гап тарқатиб) тушманглар! Чунки ким ўз биродарининг аврати ортидан тушса, Аллоҳ унинг аврати ортидан тушади. Кимки, Аллоҳ унинг ортидан тушган бўлса, уни шарманда-ю шармисор қилади, гарчи уйининг ичкарисида бўлса ҳам!”.
Саъд ибн Абу Ваққос билан Холид ибн Валид розияллоҳу анҳумонинг орасидан гап ўтиб қолди. Кейин бир киши Саъднинг олдида Холидни ғийбат қилмоқчи эди, Саъд унга бундай деди: «У билан ўртамизда бўлиб ўтган нарсанинг асло динимизга алоқаси йўқ!».
Ғийбат ҳаром бўлгани каби ёмон гумон ҳам ҳаром. Биродарингиз ортидан ёмон гаплар сўзлаш ҳаром бўлганидек, ундан асоссиз равишда ёмон гумон қилишингиз ҳам ҳаром. Ёмон гумон деганда биров ҳақида қалбда чиқарилган ҳукм ёки мустаҳкам эътиқодни назарда тутяпмиз. Аммо хаёлга келган турли нарсалар, ўй-фикрлар авф қилинган, ҳатто шак ҳам кечирилган.
Гумон қалбнинг ўша томонга кўпроқ мойил бўлиши, кўпроқ таянишидир. Аллоҳ таъоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Ёмон гумон ҳаром қилинишининг сабаби шуки, қалблардаги сир-асрорларни фақат ғайбни билувчи Зотгина билади, шундай экан сиз биров ҳақида ёмон эътиқодда бўлишга ҳаққингиз йўқ. Магар сизда бунга етарлича асослар бўлса ва уларни яхши тарафга таъвил қилиш имкони бўлмаса, унда кўрган, гувоҳи бўлган нарсангиздан бошқани эътиқод қилишдан ўзга имконингиз йўқ. Аммо кўзингиз билан кўрмасангиз ҳам, қулоғингиз билан эшитмасангиз ҳам ичингизда гумон пайдо бўлаётган бўлса, билингки, бу шайтондандир.
Биринчидан, ғийбатни эшитган пайтда ғийбат қилинаётган инсон ҳақида ёмон гумонга бормаслик, у ҳақда зикр этилаётган ёмон сифатларни рост деб билмаслик, бошқа одамлар ҳузурида уни накл қилмаслик, ғийбат қилган кишини гуноҳи кабира қиляпти деб билиш, унинг гапини эътиборсиз деб ҳисоблаш, «Эҳтимол, ғийбат қилинган инсонга унинг адовати бордир, шунинг учун шундай гапларни гапираётгандир», деб ўйлаш лозим.
Иккинчидан, ғийбатни эшитгач, унга шерик бўлиб, мусулмон биродарининг қолган айбларини ҳам очмасин. Ғийбат қилувчи киши Аллоҳ таолонинг итобига қолади, агар мен унга шерик бўлсам, Аллоҳ таоло мендан норози бўлади ва қиёмат куни азоблайди, деган фикрда бўлсин.
Учинчидан, бир мусулмон биродарининг ғийбат қилинаётганини эшитса, ўша мусулмонни мақташни бошласин ва унга ёрдам берсин. Ажаб эмаски, шунда ғийбат қилувчи ғийбатдан тийилса.
Тўртинчи иш шуки, ғийбат қилувчини тил билан айтиб ёки қўл ва кўз билан ишора бўлса ҳам, ғийбатдан тўхтатиш лозим.
Агар бинамки нобинову чоҳаст,
Агар хомуш бинишинам гуноҳаст.
Назмий маъноси:
Агар кўрсамки кўр олдида чоҳдур,
Индамай ўтирсам, бешак, гуноҳдур.
Насрий баëни:
Агар кўзи кўр кишининг олдида чуқурни кўрсам-у, индамай ўтираверсам, гуноҳдир.
Агар уни ғийбат қилишдан қайтариш имкони бўлмаса, ўша мажлисдан туриб кетиш лозим. Борди-ю, туриб кетишнинг ҳам иложи бўлмаса, у ҳолда бўлаётган ғийбатни дилда ёмон кўриб ўтириш керак. Рози бўлиб, жим ўтириш жоиз эмас.
Яна бир гап. Ғийбатчига «Жим бўл» деб туриб, лекин бўлаётган ғийбатни дилда хоҳлаб туриш мунофиқликдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, агар бир киши бошқа кишини “бу итни эмган” деб айблаганда, куни келиб ўзи, албатта, итни эмган бўларди».
Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсонларнинг энг хатокори бошқаларнинг айбини кўп гапирадиганидир”. Саҳобалар ва тобеъинлар гуноҳнинг касофатига шунчалик аниқ ишонишган экан.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ