Бир ўсмир “улғайиб, бой бўлсам ҳаммага ёрдам бераман” деб юрар эди. У бойлик бўлсагина одамларга ёрдам бериш мумкин, деган фикрда экан, бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир хурмони ярмини садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисини эшитиб қолди. Бир кичик хурмонинг ярми қанча бўларди, деб тасаввур қилолмади.
Эртасига кўчага чиқиш олдидан бир хурмони чўнтагига солиб олди. Йўл бўйда тиланиб турган отахоннинг ёнидан ўтаркан, чўнтагига қўлини тиқиб, беихтиёр кечаги ҳадисни эслади. Хурмони олиб, ярмини отахонга узатди. Шунда отахоннинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ўсмир йигит ўйладики, “ҳатто кўп пул берилса ҳам бу қадар хурсанд бўлмасди”, деб ўйлади. Қилган ишидан ўзиям шодланди. Англадики, отахон ўзига берилган нарсанинг қийматидан эмас, ўзига берилган эътибор ва баҳам кўришдан ниҳоятда шодланганди.
Йигитча бу ишидан кейин юқоридаги ҳадиснинг ҳикматини тушуниб кетди. Энди у бир кўнгилни обод қилиш учун бой бўлишни кутиб юрмаслик кераклигини билди. Зеро, кўнгил Худонинг назаргоҳидир. Уни қувонтирган кишини Аллоҳ қувонтириши шубҳасиздир.
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намоз ўқиётган одам саждада иккинчи саждани қилдимми ёки қилмадимми деб шубҳаланиб қолса, қандай йўл тутади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоз ўқиётган одам иккинчи саждани қилдимми, йўқми деган шакка борса, қилган қилмаганини аниқлашга ҳаракат қилади. Агар гумони бир томонга кўпроқ бўлса, шунга асосан йўл тутади. Агар аниқ бир тўхтамга кела олмай, иккиланиб қолса, бажармаган деб ҳисобланади ва намознинг қаерига келган бўлса, ўша ерда битта саждани қилиб қўяди ва намоз охирида саждаи саҳв қилади. Бу намоз ичида шак қилишга тегишли. Агар намоздан кейин шундай шакка тушиб, қилган-қилмаганини аниқ билмаса, унга аҳамият бермайди ва намозини қайта ўқимайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази